Click to listen highlighted text!

ҲАММАСИ ОЧИҚ- ОШКОРА РУҲДА

              Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бугун Сирдарё вилояти туман, шахар Кенгашлари тасарруфидаги барча бошланғич касаба уюшма ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари қизғин ўтказилмоқда. Ана шундай ҳисобот- сайлов йиғилиши Сирдарё тумани 12-сонли мусиқа ва санъат мактаби касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ўтказилди.
Бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг ҳисобот-сайлов йиғилишида жами 76 нафар ходимнинг 64 нафари иштирок этди.
Шунингдек, ҳисобот-сайлов йиғилишида мактаб директори Абдурахмон Умурзоқов, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раис ўринбосари Қаршибой Эшназаров, бирлашма бўлим мудири Баҳтиёр Ҳайдаровлар қатнашди.
Намунали амалий – семинар тарзида ташкил этилган ҳисобот йиғилишида туман бошланғич касаба уюшма раислари ҳам иштирок этишди. Ҳисобот- сайлов ишини бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Нигора Раҳмонқулова олиб борди.
Кун тартибидаги биринчи – 12-сонли мусиқа ва санъат мактаби касаба уюшмаси қўмитасининг 2015- йил февралидан 2020 – йил февралигача бўлган даврдаги фаолияти тўғрисидаги маъруза тингланди.
Ҳисобот даврида муассаса ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, ходимларнинг тўлиқ бандлиги таъминланишига, улар учун соғлом ва бехатар меҳнат шароитлари яратиб берилишига эришиш, меҳнат қонунчилигига риоя этилиш устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, улар ўртасида маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ташкил этиш соҳасида муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.
Жумладан, 2018-2020-йилларга тузилган жамоа шартномаси бандлари бажарилишига эришилди. Эҳтиёжманд, кўп фарзандли бўлган 12 нафар ходим моддий рағбатлантирилди. Янги йил байрами муносабати билан 4 нафар аъзолар фарзандларига байрам совғалари берилди. Юбилей ёшга тўлиш муносабати билан 4 нафар ходим мукофотланди. Байрам кунлари муносиб нишонланиб, аъзолар учун эсдалик совғалари улашилди. Жумладан, 8 –Март – Хотин-қизлар кунида 22 нафар аёлга концерт чипталари олиб берилди.
Ходимларни Ватанимизнинг тарихий қадамжоларига олиб бориш, мустақиллик йилларида барпо этилган иншоотлар билан таништириш мақсадида Самарқанд, Тошкент вилоятининг Хумсон дам олишмасканларига саёҳатлар уюштирилди.
Ходимларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва миллий анъана ва қадриятларимизни ёшлар онгига сингдириш мақсадида мунтазам равишда маданий-оммавий тадбирлар уюштирилиши, булар турли кўрик-танловлар, бадиий кечалар, оммавий байрамларга бағишланган тадбирлар, ”Энг намунали бошланғич ташкилот”, ”Энг фаол ёш мутахассис”, ”Ўз касбининг мохир эгалари” танловлари эканлиги маърузада алоҳида таъкидланди. Хусусан, жамоа 2019- йили бўлиб ўтган “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови туман босқичида 2-ўринни қўлга киритди.
– Кейинги йилларда спорт-соғломлаштириш ишлари анча жонланди, – дейди маърузачи. -Ҳар йили турли спорт мусобақаларини ўтказиб, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида спортнинг оммавийлигини оширишга эришилди. Спортнинг футбол, волейбол, шахмат, шашка, стол тенниси оилавий спорт мусобақалари доимо ўтказиб келинмоқда.
Шу билан бирга, касаба уюшмаси қўмитаси иш берувчи билан етарли ҳамкорлик қилмагани, қатъий талаблар қўя олмаганлиги учун ҳисобот даврида амалда бўлган жамоа шартномаларининг меҳнат муҳофазасига доир бандлари қисман бажарилган. Бунинг натижасида ходимлар ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиш давомида чиқимдор бўлиб келишмоқда. Касаба уюшмаси қўмитасининг тегишли комиссияси бу борада етарли иш олиб бормаган, жамоа шартномаси шартлари бажарилмаслигининг сабабларини таҳлил қилиш, иш берувчи билан ҳамкорликда бу сабабларни бартараф этиш ишлари талаб даражасида олиб борилмаган.
Шундан сўнг масала бўйича музокараларга ўтилиб, унда аъзолардан Нафиса Сафарова, Шерали Жўраевга сўз берилиб, уларнинг фикрлари тингланди. Сўзга чиққанлар қўмита фаолиятини қониқарли деб баҳоладилар ва бу аъзолар томонидан гувоҳномаларни кўтариб, овоз бериш билан тасдиқлаб олинди.
Шундан сўнг, кейинги масала сайловлар ўтказиш ва унда касаба уюшма раис ва аъзоларини сайлаш бўлди. Сайловлар умумий келишувга кўра очиқ овоз бериш йўли билан амалга оширилди.
Шундай қилиб, 5 кишидан иборат ходимлар бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси таркибига сайландилар. Касаба уюшма раиси этиб Нигора Раҳмонқулова номзоди сайланди.
Шунингдек, Н.Раҳмонқулова тармоқ касаба уюшмаси туман ташкилотнинг ҳисобот-сайлов конференциясига делегат этиб сайланди.
Ҳисобот – сайлови иштирокчилари йиғилиш ўтишига ижобий баҳо беришиб, жамоанинг якдиллиги, фаоллиги ва ўз ҳақ- ҳуқуқларига эътиборлиликларини алоҳида таъкидладилар. Янги қабул қилинган “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳияти, белгиланган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.

Алижон МАМАРАСУЛОВ,
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси
Республика Кенгашининг вилояти бўйича
масъул ташкилотчиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!