ФАОЛИЯТ МУҲОКАМАСИ
Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бошланғич касаба уюшмаси қўмитасининг 2015 февралдан 2020 йил февралгача бўлган давр мобайнидаги фаолият якунлари ва навбатдаги вазифаларига бағишланган ҳисобат-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди.
Шунингдек, бирлашма ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида 2017 – 2019 йилларга тузилган жамоа шартномаси шартларини 2019 йилдаги ижроси бўйича меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши ҳам ташкилд этилди.
Бугунги кунда касаба уюшма қўмитаси 37 нафар аъзони бирлаштиради. Касабақўм раиси Баҳтиёр Ҳайдаров жамоада амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.
Ўтган даврдаги фаолият давомида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг тўлиқ бандлиги таъминланишига, бехатар меҳнат шароитлари яратиб берилиши, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ташкил этиш соҳасида қатор ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди. Жумладан, санаторийларда соғломлаштириш учун 3 та имтиёзли йўлланмалар ажратилган. Навбатдаги меҳнат таътилида ҳар йиллик даволаниш учун 35 нафар ходимга пуллик моддий ёрдам кўрсатилди. Қолаверса, фаолларни муносиб рағбатлантириш чоралари кўрилди. Ҳар бир байрамда маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказиш анъанага айланди.
Сўзга чиққанлар касаба уюшма қўмитасининг ҳисобат давридаги фаолиятини қониқарли деб баҳоладилар.
Ҳисобат – сайлов йиғилишида, қўмитанинг янги таркиби сайланди. Баходир Ҳамиджонов қўмита раислигига бир овоздан сайланди.
Йиғилишда Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси А.Таджиев, тармоқ касаба уюшмасининг Гулистон шаҳар Кенгаши раиси Б.Усмановлар иштирок этишди.
Озода МАМАДАЛИЕВА