Click to listen highlighted text!

ЭЪТИБОРДАН ДИЛЛАР МУНАВВАР

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан тиббиёт ходимлари бўлган бир гуруҳ Сардобалик хотин-қизлар Самарқанд шаҳри саёҳатида бўлиб қайтишди.
– Тўғриси, бу йилги оғир синовли кунларда ходимларимиз тиним билмай меҳнат қилишмоқда. -дейди Сардоба туман тиббиёт бирлашмаси бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Мукаррам Норқўзиева. – Айниқса, Сардоба сув омборида юз берган техноген бахтсиз ҳодиса иштирокчиларига тиббий ёрдам кўрсатиб, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишларида фидойилик билан хизмат кўрсатишди. Туманнинг 7 та ҚВП (қишлоқ врачлик пункти) тиббиёт ходимларидан иборат 20 нафар аёлларимиз таассуротга бой саёҳат иштирокчилари бўлишди. Ушбу хордиқ уларнинг меҳнатларига муносиб баҳо бўлгани, шубҳасиз.
-Юртимизнинг қай гўшасида яшашидан қатъи назар ҳар бир юртдошимиз тарихимиз, бугунимиз фахри бўлган бу манзил томон ошиқади, -дейди Шароф Рашидов қишлоқ врачлик пункти тиббиёт ҳамшираси Олтиной Соатова. – Айниқса, биз каби чекка туманда истиқоматда бўлган, доимий ишловчи аёлларнинг атайин хордиқ учун шаҳарлар айланиши камдан кам учрайди. Эътибордан кўнглимиз тоғдай кўтарилди. Таассуротлар завқи бир умрга ёдимизда қолади.
Саёҳатчилар Шоҳи Зинда меъморий ёдгорлиги, Регистон майдонидаги Шердор, Тиллакори, Улуғбек мадрасалари билан танишдилар. Соҳибқирон бобомиз Амир Темур мақбараси, Бибихоним мадрасаларини кўздан кечиришди.
– Дўстлар даврасида ўтган кунларнинг мазмуни бўлакча, – дейди Темур Малик қишлоқ оилавий поликлиника ҳамшираси Санобар Қамбарова. – Касаба уюшмалари ташаббуси билан ташкил этилган ушбу саёҳатда бутун чарчоқларни унутдик. Кўтаринки кайфиятда ишимизни давом эттирадиган бўлдик.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!