КАСАБА УЮШМАЛАРИ-ШИЖОАТГА УНДАДИ
Аёл зоти катта жасорат кўрсата олади. Айниқса, яқинлари, оиласи учун фидо бўлишга ҳамиша тайёр бўлади. Янгиерлик Фотима Маликова тиббиёт ҳамшираси бўлиб ишлаб келаётган эди. Турмуш ўртоғининг сурункали касалликка чалиниши, меҳнат қобилиятини йўқотгани уни бирдан улғайтирди. Катта рўзғорда икки нафар ёши улуғлар, 3 нафар фарзанд бор. Даромадлар тиббий кўрик, дори-иложга сарфланиб, тузукроқ қозон “қайнамай” қолди.
Ана шунда ўсмирлигида тикув курсида ўрганган ҳунаридан фойдаланиш фурсати етганини тушунди. Уйдаги қўл машинаси билан тикишни бошлаб кўрди. Тўғриси, яшаш хонадонида тикув учун дурустроқ шароит топа олмади. Тикиш ишига алоҳида хона ажратилмаги учун мижоз кўнгли тусаб келмайди, буниг устига бемори бор – “тақ-туқ”и билан беҳол қилгиси келмади. Мана шундай пайтда касаба уюшмалари ажратаётган кредит ҳисобига фаолиятини кенгайтираётган якка тартибдаги тадбиркор раҳбари Ойгул уни қўшимча иш билан таминлади.
– Олий маълумот эгаси бўлмаслик иш топа олмаслик, ёки кам даромад топишга мажбур дегани эмас деб ҳисоблайман,- дейди янгиерлик Ойгул Мавлонова. – Болалигимда бувимдан тикиш-бичиш ҳунарини ўргандим. Тикавергач қизиқишим ортаверди. Шаҳар марказида кичик жойим бўлишини, ишимни кенгайтиришни истадим.
Шу каби ниятлар билан тадбиркорлик останосига қадам қўйган ойгул дастлаб якка тартибдаги тадбиркор мақомида иш бошлади. 30 млн сўм миқдоридаги кредит маблағи орзуси ушалишига сабаб бўлди. Ёнига олган 5 нафар қизлар бу ерда тўй ва никоҳ маросими учун либослар,махсус кийим, болалар либослари тикишни йўлга қўйишди.
Ойгул чинакам тадбиркор бўлби чиқди. Фаолиятини кенгайтиришни. Тайёр маҳсулотларини бозор дўконларида сотишни, маҳсулот турини кўпайтиришни мақсад қилди. Табиийки, ишловчи аёллар сони ҳам сезиларли ошади.
Ойгулнинг лойиҳаси истиқболли деб топилиб касаба уюшмалари Федерациясининг хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли дастур асосида 200 млн сўм имтиёзли кредит эгаси бўлди.
-Ишхонамизга янги тикув машиналари келтириб, яна 10 нафар иш ўрни яратиб, жами 15 опа-сингил бирга ижод қилиб меҳнат қиладиган бўлдик, -дейди Ойгул Мавлонова.- Тиббий ниқоб, ҳимоя кийимлари, кўрпа маҳсулотлари тикишни режалаштирдик.
Эндигина 30 ёшни қаршилаган синглимиз тадбиркорликда янги поғонага кўтарилгани, ЯТТ фаолиятини “FARANGIZ-FAZLIDDIN TEXTILE” мчж эгаси бўлганини айтиб севинди.
Шунингдек, касаба уюшмаларининг 300 млн сўмлик кўмаги билан шаҳарда “Нозигул нафис гуллари” мчж иш бошлади. Бу ерда мебел ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ускуналар хориждан келтирилмоқда. Яратилган 10 та иш ўрнида эркаклар ва аёллар иш бошлайди. Мчж раҳбари Нозигул Жонжигитова иш ютириш бўйича малакани водий корхоналарида ўрганиб келгани, бундай фаолиятда аёллар ҳам бемалол ишлай олишини таъкидлади.
– Корхона мебел ишлаб чиқаради. Бир қарашда аёллар бандлигини таъминлаб бўлмайдигандек туюлади. Бироқ, мижозлар дидини ўрганиш, мос дизайн яратиш ва танлаш, безак ва бўёқ бериш ишларига аёлларимизнинг нозик диди ёрдам беради.
Шунингдек, вилоятда аниқланган ишсиз аёлларга жами 135, 8 млн сўмлик тикув машинаси, маиший техника воситалари ва чорва моллари олиб бериш билан 178 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таминланди.
Шу билан биргаликда касаба уюшмаларининг маблағлари ҳисобига вилоятнинг Янгиер шаҳар, Боёвут, Сирдарё туманларида ҳам тадбиркорликка имтиёзли кредитлар ажратилиб тикувчилик, мебел ишлаб чиқариш, қандолатчилик, ёғоч ўймакорлиги, қадоқланган сув ишлаб чиқариш, балиқчилик йўналишларида қўшимча 105 нафар иш ўринлари яратиш бўйича ишлар олиб борилаётир. Айтиш мумкинки, касаба уюшмаларининг ушбу ташаббуси ҳақиқатда чинакам шижоатга ундамоқда.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»