Click to listen highlighted text!

КАСАБА УЮШМАЛАРИ – ИСЛОҲОТЛАР ТУФАЙЛИ ЯНАДА ЯҚИН

Ўтган йиллар сарҳисоби, фаолият таҳлилига бағишланган нуфузли анжуман – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойи Сирдарё вилоятида катта қизиқиш билан кузатилди. 20 нафар сайланган делегат, ҳамда таклиф этилган 2 нафар фахрийлар вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг мажлислар залида ҳудудий студия орқали қатнашдилар. Шунингдек, вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси студиясида онлайн тарзда иштирок этди. Ташкил этилган кўргазмали воситалар ислоҳотларга тўла кечган ҳисобот даври билан танишиш имкониятини берди. Айниқса, “Ўзбекистон касаба уюшмалари тараққиётнинг янги даврида” китоби билан танишув фаолиятга кириб келган ўзгаришлар, янгича ёндашув билан самарага эришилаётгани ҳақидаги тушунчаларни мустаҳкамлади.
Таъкидланганидек, касаба уюшмалари томонидан мамлакатимиз бўйлаб қурултойга қадар кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Энг муҳими, жойларда, хусусан Сирдарё вилоятида касаба уюшма аъзоларининг тобора кўпайиб бораётганлиги, келиб тушаётган мурожаатларнинг ортиб кетаётганлиги ҳам шубҳасиз, ташкилотнинг халқимиз орасида чуқур кириб бораётганлигини англатади.
Дилноза Эргашева, Алишер Навоий номидаги Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона маркази ҳуқуқий-ахборот сектори мудири, делегат:
-Барча делегатлар қатори муҳтарам Президентимизнинг касаба уюшмаларига йўллаган Мурожаатномасини диққат билан тингладим. Юқори эътибордан фахр ва ҳаяжондаман. Ҳаяжоним сабабларидан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қурултойида биринчи маротаба иштирок қиляпман. Касаба уюшмасидаги фаолиятимга ҳам кўп бўлгани йўқ. Бугунги иштироким фаолият ҳақида, унинг машаққатидан келадиган эътироф тўғрисида катта тушунчаларни бермоқда. Аниқроқ қилиб айтганда, айни пайтда касаба уюшма сабоғини олаётгандайман. Босиб ўтилган йўл – ўтган ҳисобот даври қисқа бўлсада, тарих ҳисобланади. Тарих жамоат ташкилотининг жуда кенг масалаларга дахлдорлигини сўзламоқда. Барчамизни хурсанд қиладиган бу хулосалар ортида минг-минглаб оилалар ҳаёти, уларнинг шодлиги борлиги ҳақиқат.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда сўз эркинлиги ошганлиги, жамиятда журналист ва блогерларнинг фаоллашиб бораётгани ҳаммамизга маълум. Жумладан, касаба уюшмаси нашри – “Ишонч” ва “Ишонч-доверие” газеталарининг сифати ҳам ошиб бормоқда. Ўзим фаолият олиб борадиган вилоят кутубхонаси газеталар бўлимида муштарийлар томонидан нашрнинг ҳар бир сони катта қизиқиш билан ўқиб борилади. Газетанинг мазмун мундарижаси ҳам касаба уюшмалари фаолияти сингари кенг қамровли.
Кези келганда айтишим керакки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йилдаги китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш мазмунидаги фармойиши бугун ўз натижасини кўрсатаётир. 2017 йилда вилоятимиз кутубхонасига аъзо китобхонлар сони 8 минг нафар бўлган бўлса, ҳозирда 23 минг нафарга оширилди. Муҳтарам Президентимизнинг тирик китоб билан мулоқот қилувчилар сонини кўпайтириш керак мазмунидаги тавсиялари асосида тизимли тарғибот ишларини ташкил этганмиз. Натижасида кутубхона хизматидан кунлик фойдаланувчилар сони 24 минг нафардан 61 минг кишига етди. Рақамлар аслида оилаларда, таълим муассасаларида китобхонлик анъаналари давом этаётгани, такомиллашганини ифодалайди.
Худди шунингдек, одамларни рози қилиш тамойили остида изланаётган касаба уюшмаларининг эзгу мақсади, олиб бораётган ишлари ижтимоий тармоқларда, хусусан, телеграмм канали, фейсбук саҳифаларида фаол ёритиб борилмоқда.
Баъзан касаба уюшмалари шаънига мутлоқа мос келмайдиган таъна ва эътирозлар қулоққа чалиниб қолади. Айримларнинг тушуниб, тушунмасдан қилаётган иддаоларига мос равишда блогер ва журналистлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган брифинглар ўз вақтида берилган жавоб бўлмоқда.

Хабибулла Ўразбоев, Таълим, фан ходимлари касаба уюшмаси Сардоба туман Кенгаши раиси, делегат:
-Бу йилги нуфузли анжуман шукуҳи эрта бошланди, десам муболаға бўлмайди. 11- ноябрь санасини касаба уюшмалари ходимлари куни сифатида нишонлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинганлиги хабарини ниҳоятда қувонч ва ҳаяжон билан қабул қилдим. Касаба уюшмалари фаолиятини мамлакат ривожи, халқ фаровонлиги йўлида хизмат қиладиган ходимлар ташкил қилади. Улардаги намунали фазилатлар улуғвор ислоҳотлар бошланишига сабаб бўлаётир. Дунёнинг озчилик мамлакатларида ушбу соҳа ходимлари куни нишонланади. Давлатимизнинг ушбу эътибори ва эътирофи янги имкониятни яратиб беришига, ишонаман. Демак, бизнинг жавобимиз – фақат яхши ташаббуслар кўрсатиш, фидоий бўлишдан иборатдир.
Хабарингиз бор, элимиз пандемия синовларини кечираётган вақтда туманимиз бошига кутилмаган офат келди. Сардобада юз берган тошқинни бутун мамлакат аҳолиси ўзининг дарди сифатида қабул қилди, курашни бирга кечирди. Мана шундай вазиятда касаба уюшмаси фаолларининг ташаббуси билан минглаб кўнгиллар кўтарилди, ташвиши аритилди. Уларнинг саломатлиги тикланиши учун оромгоҳ ва санаторийларга бепул йўлланмалар берилди. Шу ўринда ҳисобот даврида вилоят аҳолисини соғломлаштириш имкониятлари оширилгани тўғрисида айтиб ўтишим жоиз. Фарзандларимиз учун “Зомин” номидаги замонавий оромгоҳ ва “Янгиер” санаторийси бир йилнинг ўзида қуриб фойдаланишга топширилди. Кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлган ушбу тухфа аллақачон, севимли масканга айланди.
Давр каби шиддат билан олға бораётган касаба уюшмалари тизими ҳар бир манзилда ўзгаришлар ясаб, ортида дуога очилган қўллар билан яхши ниятларни юзага чиқармоқда.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!