Click to listen highlighted text!

ЮКСАК ЭЪТИРОФ – ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ

Сардоба тумани 12- сонли умумтаълим мактабида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг саккизинчи Қурултойида кўтарилган масалаларга бағишланган тарғибот-ташвиқот тадбири ўтказилди. Унда касаба уюшмаси фаоллари ва ходимлари иштирок этди.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг қурултой иштирокчиларига йўллаган табриги, унинг мазмун-моҳияти ва унда белгилаб берилган вазифалар ижроси, делегатларнинг мамлакатимиз халқи, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшмалари ташкилотлари ва ижтимоий шерикларга мурожаати ҳақида сўз борди.
– Одатда ёши улуғлардан ўтган замон, тарих ҳақида сўз эшитишни яхши кўрамиз. Босиб ўтилган вақтга ҳавас ҳам қиламиз. Менинг бўлса, ҳозирги дориломон кунлар ҳақида эшитгим, гапиргим келаверади, -дейди меҳнат фахрийси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Холмўмин Шукуров. – Чиндан ҳам, шарафли бир замонда яшаяпмиз. Касаба уюшмаси ташкилотининг нуфузи ҳеч қачон бугунгидек юксакларга кўратилмаган. Давлат Президентининг табрик йўллаши, алоҳида кун – 11 ноябрь – “Касаба уюшмалари куни” сифатида нишонланадиган бўлиши, касаба уюшмалари Академияси ташкил этилиши амалга оширилган эзгу ишларнинг эътирофи бўлди. Бундай муносабатдан кейин фаоллик янада ортиши, касаба уюшмаси фаоли бўлишга интилиш кучаяди, албатта.
– Тизимда ҳамма ҳам ишлай олмайди, деб ўйлайман. Ўзимга ҳам бажараётган ишинг учун қўшимча ҳақ тўланмайди, муросани топаман деб юрасанми, деб бир неча бор айтишган, – дейди 12-сонли умумтаълим мактаби касаба уюшмаси раиси Саломат Жўраева. – Шундай бўлса ҳам, мендан аввалги ишлаган соҳа фаолларининг тавсиялари, маслаҳатлари билан касабақўмга етакчилик қилавердим. Бунинг эвазига озгина кўпроқ ишлаб, изланиб ўқигандирман. Натижасида меҳнат қонунчилигини ўргандим, адолатни, жамоани тенг кўришни, суянчиқ бўлиш малакасини ўзлаштирдим. Мен шу кунгача кичик жамоамнинг ҳурматига лойиқ бўлганимдан рози эдим. Энди бўлса, давлат раҳбарининг, табригини ўқиб қаттиқ таъсирландим. Юксак эътирофни юксак масъулият деб қабул қилдим.
Тадбирда Қурултой делегати, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Сардоба туман Кенгаши раиси Ҳабибулла Ўрозбоев қатнашди ва ўз таассуротларини ўртоқлашди.

* * *
Гулистон шаҳар 4-оилавий поликлиникасида касаба уюшмаси Қурултойида кўтарилган масалалар, Президентимизнинг ушбу тадбир қатнашчиларига йўллаган табриги мазмунини ўрганиш юзасидан тарғибот ўтказилди. Унда касаба уюшмаси фаоллари, Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси раиси, VIII Қурултой делегати, Назира Қиличевалар ўз таъсуротларини сўзлаб беришди.
Мазкур жамоа асосини хотин-қизлар, ёшлар ташкил қилади. Бу ерда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг тавсияси асосида иш берувчи ҳамда бошланғич қўмита уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий муҳофазаси, меҳнат хавфсизлигини таъминлаш борасида намунали тизим яратган. Ходимларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг фарзандларини соғломлаштириш оромгоҳларида дам олдириш, ички туризм йўналишида тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштириш, маданий-маърифий тадбирлар мунтазам ташкил этилади.
– Шарафли касб –шифокорлар кунини нишонлаганимизга кўп бўлгани йўқ. Ушбу тадбирни энг биринчи касаба уюшмаси фаоллари эслайди, десам тўғри бўлади, -дейди Назира Қиличева. – Касб кунини нишонлаш, кутилмаган эсдалик совғалари тайёрлаш, байрам тадбири, саёҳатлар- барчасини касаба уюшмаси фаоллари ташкил қилади. Худди шундай қолган барча касб кунлари уларнинг ташаббус ва меҳнатлари билан завқли ўтади. Мана энди касаба уюшмаси ходимлари ҳам ўз касб кунларини нишонлайдиган бўлишди. Бундай эътирофга кўп йиллик бажарилган хайрли ишлар, инсонларнинг ишончи сабаб эришилди.
Мулоқотда мурожаатномадан келиб чиқадиган вазифалар, хусусан, барчани қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари, адолатли ҳақ тўланадиган иш билан таъминлаш, ишловчилар манфаатдорлигини оширишни ташкил этиш янги бир босқичга кўтарилиши таъкидланди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!