Click to listen highlighted text!

ШИРИНДА МУАММОГА АНИҚ ЕЧИМ ТОПИЛМОҚДА

Бирор ишни бошлашдан олдин ҳаммадаям иккиланиш, ҳадик бўлади. Айниқса, илгари ишламаган аёлларда бу икки ҳиссага ортади. Бундай пайтда ишонч ва кўмак бериш муҳим.
Шаҳарнинг «Фарҳод» маҳалласида яшовчи Камола Алимова ўз бизнесини бошлашига керакли далда билан бирга 33 миллион сўм сармоя ҳам олди. “Аёллар дафтари”да ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз аёллар банди билан рўйхатга олишганида биринчилардан бўлиб касб-ҳунарга ўқиш истагини билдирди. Ана шунда тадбиркорлик қилиш орзуси пайдо бўлди. Муносиб жойни ижарага олиб таъмирлади. Қўлида ҳунари бор 3 нафар аёлга иш ҳам таклиф қилди. Имтиёзли олинган кредит эвазига зарурий жиҳозлар келтирилди. “Зарина” тўй либослари дўкони ўз хизматини мана шундай бошлади.
-Касб-ҳунарга ўқиш билан бирга тадбиркорлик ишини ўргандим. Шаҳримизда келинлик либослари дўкони кам экан. Шунинг учун шу соҳада ўзимни синаб кўрмоқчиман, -дейди Камолахон. – Аёллар сартароши, келинлик либоси, сарполар сандиғи каби хизматларни йўлга қўйдик. Ўзимнинг бандлигимни таъминлаш билан бирга яна 3 нафар опа-сингилларни ишга қабул қилдим. Бу мени жудаям хурсанд қилди. Қўлимдан кўп нарса келишига ишонтирмоқда.
Бунёдкор мфй, 4-уйда яшовчи 68 ёшли Флюра Иноятова турли ишларда меҳнат қилган. Шаҳар боғчасида ошпазлик, қурилишда сувоқчи, шифохонада фаррошлик билан меҳнат қилиб, 2 нафар фарзандини улғайтирди. Хотин-қизларга кўрсатилаётган ёрдам туфайли ёлғиз ўзи яшаб келаётган хонадон таъмирлаб берилди.
-Ҳеч кимга дардимни айтган эмасман. Қизим турмушга чиққан. Ҳозирда набирам билан хорижда яшашади. Ўғлим кўп йиллардан буён бедарак. Маҳалла, қўшниларим меҳрибон, хабар олиб туришади. Доимий қон босимим кўтарилиб туришини билиб, хабар олиб туришади. “Муаммоингиз борми, нима ёрдам керак” деб сўраб келишганида ҳам нимани айтишни билмадим. Ўзлари уйимнинг ҳолатини кўриб, таъмирлаб беришларини айтишди. Ташвишимни тушунишганидан, давлатнинг кўмагини олганимдан севиндим. Кексалик ҳолимда ҳам кимгадир кераклигингни ҳис қилиш чинакам бахт экан, -дейди Флюра опа. – Дахлиз, ошхона, ювиниш, меҳмонхоналарга ёрқин рангда гулқоғозлар ёпиштиришди. Девор-у шифтларга оро берилди. Кўнглим жуда кўтарилди.
Мавлуда Рўзиеванинг саломатлик борасидаги муаммоси ҳам “дафтар”даги аёллар билан юзма-юз мулоқотлар натижасида ижобий ҳал этилди. ўтказилган тиббий кўрик натижасида юқори қон босими борлиги аниқланди. Илож учун керакли дорилар олиб берилгач, муолажа бошлади.
Муқаддам Орипова ҳам ўрганишларда “Аёллар дафтари”га киритилган эди. Оила бошлиғи бўлмиш турмуш ўртоғининг ногиронлиги бор, улғаяётган 2 нафар фарзанднинг ками-кўстига баъзида пул топилмайди. Муқаддам шу боисдан “кунликка” ишга чиқади. Мавсумий иш билан оила даромадини ўнглаб бўлмайди. Шунинг учун ҳозирча жамоатчилик асосида ишга жойлаштирилди.
Ширин шаҳрида хотин-қизларга кўрсатилаётган ёрдамлар ҳолатини ўрганиш учун бириктирилган масъуллар – Ботир Усмонов, Санжар Тоғаев дафтардаги муаммолар шунчаки ечим топмаслиги, доимий назоратда бўлиши, муаммолар ижобий ечим топмагунча “ўчирилмаслиги”ни айтишди.
-Маълумот учун Сирдарё вилоятида “Аёллар дафтари”га киритилган жами аёллар сони 22 минг 320 нафарни ташкил этади. Бугунги кунда амалда 14 минг 604 нафар хотин-қизларнинг муаммолари ечимига эришилди. Хусусан, Ширин шаҳрида 580 нафари аниқланган бўлиб, 366 нафарининг ташвишлари ариди, -дейди вилоят штаби раҳбари Эркин Байниязов.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!