Click to listen highlighted text!

ИНТИЛИШИНГИЗ БОРМИ, ЁШЛАР, МАРҲАМАТ, ТАЯНЧИНГИЗ БОР

Кўплаб муваффақиятга эришган инсонлар борки, аввал эмаклаб, кейин тетапоя бўлган. Уларнинг орзуларигина бўлган, холос.
Мамлакатимиз ёшлар олдидаги муаммоларини ўрганиш, уларнинг келажаги учун имконият эшиклари очиш, сирасини айтганда қандай йўлдан борилса, ютиш мумкин – ана шундай жиддий масалада қарорлар қабул қилаётир. Бу чин маънода, мамлакат ёшларининг таянчи борлигини англатади.
Яқинда Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бошланган эзгу ишлар давом этишини исботлади.
Маълумки, юртимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Уларнинг касб эгаси бўлиши, интилишлари, маънавияти масаласи ҳар доим юксак масала бўлиб келган. Эътибор давомида уларнинг муаммолари яхшироқ ўрганилди. Президентимиз раҳнамолигида бу масалаларга жавоб топилаётир.
Фармонга кўра ёшлар масаласида олиб борилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида қўшимча тартиб белгиланди.
2023- йилнинг 1- январига қадар иш берувчиларга улар томонидан ёш ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси қайтариб бериладиган бўлди.
“Ёшлар дафтари”да рўйхатда бўлганларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун керакли харидлар маблағи жамғарма ҳисобидан субсидия қилиниши белгиланди. Бундай ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъэктларига ижара тўловларида имтиёз белгиланди.
Кўрилган чоралар фақатгина бандлик, ёшларни ишга жойлаш бўлиб қолгани йўқ. Ҳар доимгидек, ўғил-қизларнинг илм олиши учун имкониятларини ошириш режа қилинган. Хорижий тил ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатлари, улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтихон чиқимлари Ёшлар ишлари агентлиги томонидан молиялаштириладиган бўлди. Олий таълим олиш давомида ётоқхона билан қамраб олинмаган, ижара шартномаси асосида ўқиётган талабаларнинг ижара тўловининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Мухтасар айтганда, Президент фармони қувонтирадиган, илҳомлантирадиган, ҳаракат қилишга туртки бўладиган масалалар ечими баёни бўлди.
Сирдарё вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси йил бошида Ёшлар ишлари агентлиги билан бирлаликда 2021- йилда Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган 21 банддан иборат дастур тасдиқланган. Бандларга кўра, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Касаба уюшмалари стипендияси” таъсис этилди. Унга кўра танлаб олинган талабаларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,75 бараварига тенг стипендия тўлаб берилади.
Касаба уюшмалари аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатиб келаётган ёш ходимлар, болаликдан ногирон бўлган ёки етим, ижтимоий муҳофазага муҳтож 1 нафар ёш ишловчи ходимни соғломлаштириш учун бепул йўлланма ажратилиши белгиланди.
Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови доирасида “Меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис” номинацияси ўтказилмоқда.
“Ёшлар дафтарига” кирган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари жорий йилнинг январ ойида 25 нафари, февралъ ойида 35 нафари Хоразм вилоятининг зиёратгоҳ жойларига саёҳатлари уюштирилди.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар Ватан тараққиёти, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан эътиборга лойиқ. Зеро, барча соҳаларга чуқур эътибор қаратилаётгани туфайли халқимизнинг турмуш даражаси ва сифати муттасил ўсиб, олдимизга қўяётган ният-мақсадларимиз мустаҳкамланмоқда. Бунинг меваси- Мамлакат салоҳияти ва қудратини ошириши, шубҳасиз.

Жамол АНДАҚУЛОВ,
Вилоят касаба уюшмалари Ташкилотлари бирлашмаси раисининг ёшлар масалалари бўйича маслахатчиси,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунқилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзоси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!