Click to listen highlighted text!

ЧИНИҚИШ БИЛАН 100 ЁШГА КИРАМИЗ!

Мана бир ойдирки, Сирдарё вилоятининг барча туман, шаҳарларида ишловчи хотин-қизлар ўртасида касаба уюшмаларининг “Аёллар спартакиадаси” ўтказилмоқда. Спортнинг енгил атлетика, волейбол, стритбол, шахмат, шашка, стол тенниси ва дартс турлари беллашув ғолиб жамоалари спартакиаданинг вилоят босқичида иштирок этишди. Спорт байрамининг очилиш тадбирида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Баходир Тожиев иштирок этди ва қатнашчиларга омад тилади.
-Спорт билан доимий шуғулланиш умрни узайтиради, -дейди Оқолтин туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими катта ҳамшираси Ирода Норбоева.- Шунинг учун ҳам спорт машқларини одат тусига айлантириш лозим. Касаба уюшмалари бу борада бизга яқин кўмакчи бўлмоқда. Турли касб эгалари билан танишиш, қизиқарли беллашувлар билан байрамона кайфиятни улашгани учун ташаккур.
– Спортнинг дартс тури унчалик қийин эмас экан. Уй шароитида бемалол шуғулланиш мумкин, – дейди Нодира Бобоқулова. – Спартакиада сабаб спортга қизиқишим ортди ва уйимга дартс ўрнатиб доимий шуғулланишни ният қилдим.
Иштирокчилар орасида енгил атлетика баҳсларида давлат муассасалари ва жамоат ходимлари касаба уюшмаси вакили Мадина Абдуалиеванинг натижалари биринчи ўринга муносиб топилди. Қизиқарли стол тенниси беллашувида соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вакили Ирода Норбоеванинг қўли баланд келди. Дартс турида Сардоба туманидаги 4-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Нодира Бобоқулова энг мерган деб топилди. Шахмат ва шашка турида Умида Мирзабекова ва Нилуфар Мирсалиевалар ғолиблик нашидасини сурди.
Стритбол ва болейбол ўйинларида таълим ва фан ходимлари жамоалари биринчиликни эгаллашди.
Шунингдек, “Энг ёши улуғ иштирокчи”, “Энг маҳоратли ҳаваскор спортчи” ва “Энг ёш иштирокчи” номинациялари билан тақдирлаш бўлиб ўтди.
Қатнашчиларнинг барчаси вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг диплом ва эсдалик совғалари билан мукофотланди.
Озода МАМАДАЛИЕВА

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!