Click to listen highlighted text!

АЁЛЛАР ЮЗЛАРИДАН ЁҒГАНИДА НУР

Аёл зотининг қирқта жони бор. Бунга қўшимча унинг меҳнати, қобилияти ва ишончи борлигини ҳам биламиз. Шу боис ҳам, ҳаётда доим курашчан бўлиб келган. Унинг бу қаҳрамонлиги фарзанди туфайли, қолаверса, кўнглидаги эзгулик ҳеч қачон йўқолмаслигидадир.
“Аёллар дафтари” рўйхатида бўлган мунис опа-сингилларнинг таърифи ҳам, худди шундай! Озгина эътибор, кўрсатилган йўл-йўриқдан кўнгли тоғдай кўтарилиб, юзларидан нур ёғаётир.
Гулистон шаҳри, “Улуғйўл” мфйлик Азиза Рустамова шогирд тушиб сартарошлик ҳунарини эгаллади. Ўзини тадбиркорликда синаб, ўз шахсий гўзаллик салонини очишни ният қилди. 30 млн сўмлик имтиёзли кредит маблағига “Азиза” гўзаллик салонини очиб, 3 нафар аёл бандлигини таминлашга ҳам эришди.
Муқаддас Суннатова 4 нафар фарзанди тарбияси билан бўлиб, шу кунгача ишлай олмади. Болалик вақтида тикиш-бичиш ҳунарини ўргангани бугун асқотди. Кредит маблағига 5 та тикув машинаси келтириб, тикув цехи очишга қарор қилди. Аёллар ва болалар мавсум кийимлари тайёрлаб кийим дўконларига тарқатмоқда. Айтганча, ўзи билан бирга яна 2 та иш ўрни яратиб, 2 нафар шогирд тайёрламоқда.
-Ишлайман, ўзимнинг йўлимни топаман деган аёл борки, юртимизда ёлғиз қолмайди. Ўзим мисолимда бунга гувоҳ бўлдим. Шунча йил тадбиркорлик қилишни орқага суриб келганимга афсусландим, ҳатто, -дейди Муқаддас Суннатова. – Президентимизга катта раҳмат, биз каби хотин-қизларнинг муаммолари, орзулари билан қизиқиб, барчасига тайёр ечим бераётирлар. Уларнинг доим катта мақсадлар билан яшаш лозимлиги ҳақида сўзларини ўзимга шиор қилиб олдим. Насиб, 30-40 иш ўринли фабрика эгаси бўлишни ният қилдим. Севимли соҳа билан шуғулланганда, юртдаги бундай имкониятлар билан бунинг қадами осонлигига ишонаман.
Аёл бор хонадон фариштали уйга қиёс қилинади. Кўримсиз, таъмирсиз уйда ёлғиз қолиб кетиши бизнинг халқимизга тўғри келмайди. Мавлуда Мавлонованинг тақдирида кексаликда ёлғиз яшаш бор экан. Сўнгги 6 йилда турли касалликлар билан оғриб, уй юмушлари, ҳовли-боғга қарай олмади. Маҳалла ташаббуси билан онахоннинг уйлари таъмирланадиган бўлди.
-Улуғ рамазон, ҳайит арафасида йўқлаб келганлар, юмушимга қарашиб, ҳовлимга файз киритганлардан миннатдорман.- дейди Мавлуда Мавлонова. – Ранг берилган, одам билан гавжум бўлган хонадонимни кўриб ёшаргандай бўлдим. Кўнглимни обод қилган яхшиларни дуо қиламан.
Бўстон маҳалласида яшовчи Эъзоза Абдуллаева 4 нафар фарзандларини ёлғиз катта қилишига тўғри келган. Қизларини узатгач, мактаб ўқувчиси бўлган ўғил фарзанди билан яшаб келмоқда. Турмуш қийинчиликлари унинг саломатлигига таъсир қилмай қўймади. Сўнгги ўн йилда юрак, бўқоқ касаллаги билан оғриб, шифокорларга иши тушди.
-Касаллигим ҳақида тушунчага эгаман. Ортга сурмасдан мунтазам даволанишим керак. Илгари тиббиёт ҳамшираси бўлганман. Ҳозир ишлай олмаяпман. Яқинда 4 марта шифохонада даволаниб чиқдим.
Ишчи гуруҳ оиланинг ҳозирги шароити ва даромади йўқлигини инобатга олиб моддий ёрдам масаласида маҳалла маслаҳатчиси билан келишиб олди. Шунингдек, касаллик бўйича гуруҳ ногиронлиги масаласида амалий ёрдам бериладиган бўлди.
Олмахон Каримбоева ҳаётида дуч келган қийинчилкиларга сабр билан жавоб қайтарди. Хонадонида ёнғин бўлиб, биргина лойсувоқ хонада қолиб кетганида ҳам, ҳеч бир жиҳозсиз, техникасиз қолганида ҳам ҳеч кимдан ёрдам сўрамади. Ёлғизгина фарзанди Сарвинознинг оғир касалликка чалиниши уни ташкилотга ёрдам сўраб боришга мажбур қила олди.
20 ёшли фарзанди Сарвинозга саратон ташхиси қўйилиб, узоқ муддатли даволаниш тартиби белгиланган. Онанинг изтироби аниқ, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида даволаниш ва дори-дармон учун 10 млн сўм маблағ ўтказиб берилди. Март ойида дастлабки икки муолажа олинди. Ҳозирда жигар, юрак органлари тикланиши учун илож қилинмоқда. Ишчи гуруҳ Олмахон Каримбоева хонадонида бўлиб фарзанди саломатлигидан хабар олди.
-Фақат яхши нарсани ўйлаяпмиз, -дейди Олмахон ая, – Соғайиб кетиб ўқишларини тамомлашини, юртга керакли фарзанд бўлишини дуо қиляпман.
-Маълумот учун Гулистон шаҳрида “Аёллар дафтари”га киритилган жами аёллар сони 2 минг 634 нафарни ташкил этади. Бугунги кунда амалда 2 минг 107 нафар хотин-қизнинг муаммолари ечимига эришилди, ташвишлари ариди, -дейди ишчи гуруҳ вакили Шириной Умаралиева. -Ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар билан суҳбатлар ўтказиб, уларнинг бандлигини таъминлашга, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга амалий ёрдам кўрсатилаётир.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!