Click to listen highlighted text!

ЎЗБЕКИСТОН – БАХТИЁР БОЛАЛАР МАМЛАКАТИ

Президентимиз ташаббуслари билан болажонларнинг маънан етук, жисмонан соғлом бўлиб вояга етишлари йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Баркамол авлодни тарбиялаш масаласига давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилиб, ўғил-қизларимизнинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти билан боғлиқ барча соҳаларда тизимли ислоҳотлар ва янгиланишлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнларга ҳамоҳанг равишда болаларни ёзги соғломлаштириш йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳам йил сайин такомил топиб бормоқда.
Жисмонан соғлом, маънавий етук ёш авлодни тарбиялаш, улар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, саломатликларини мустаҳкамлаш масалаларига касаба уюшма ташкилотлари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Касаба уюшмаларининг “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида эса эртамиз эгалари ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилмоқда. «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинган жорий йилда мазкур йўналишлардаги ишлар янада кенг кўлам олди. Жумладан:
Куни кеча касаба уюшмаларининг “Yangier” санаторийси негизида ташкил этилган “Yangier” болаларни соғломлаштириш оромгоҳининг очилиш маросими бўлди. Унда кенг жамоатчилик билан бирга ота-оналар ва касаба уюшма фаоллари иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши раиси, Мувофиқлаштирувчи гуруҳ раиси ўринбосари Р.Турсунмуродов юқорида баён этилганлар ҳақида гапириб ўтдилар. Оромгоҳда 105 нафар болажонлар мароқли ҳордиқ чиқаришмоқда. Улар учун барча шароитлар муҳайё қилинган. “Ёшларни қўллаб – қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Дастури ижроси доирасида мазкур оромгоҳ беш сменада фаолият олиб боради. Бу эса ўғил-қизларимизнинг мароқли ҳордиқ чиқариб, саломатликларини мустаҳкамлашлари, пировардида таътилни мазмунли ўтказишларига замин яратади. Зеро, шу азиз Ватан ардоғида камолга етган ёш авлод ғамхўрликдан руҳланиб, мамлакатимиз эришаётган ютуқлар салмоғини янада оширишга, унинг халқаро миқёсдаги нуфузини бундан-да юксалтиришга интилиши, шубҳасиз.

ЎКУФ Сирдарё вилоят Кенгашининг Маданий маърифий ва спорт ишлари бўлими

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!