Click to listen highlighted text!

“КЕЧА КАСБСИЗ ЭДИМ, БУГУН ШОГИРД ҲАМ ТАЙЁРЛАЙМАН…”

Ховос туманилик Фарида Раҳмонқулова анчадан буён ишли бўлиш, ўзига мос касбни эгаллашни орзу қиларди. Яқинда унинг орзуси ушалди: аёллар сартароши ҳунарини ўрганиб гўзаллик салонида иш бошлади.
Сирдарё вилоятининг Ховос, Сардоба ва Гулистон туманида Фарида каби орзуси ушалган хотин-қизлар бир қанча. Бунга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг навбатдаги ташаббуси кўмакчи бўлмоқда. Чекка маҳаллаларда енгил конструкцияли гўзаллик салонлари топширилиб аёллар бандлиги таъмин бўлаётир. Эътиборлиси, ишлаш истагини билдирган аёллар аввал касбга ўқитилиб, сўнгра уларга шинам жой, керакли жиҳоз ҳозир қилинмоқда. Бу ҳақида Фариданинг ўзи бизга гапириб берди:
-3 нафар фарзанд тарбияси билан бўлиб, ишлай олмаганман. Энди бирор касбни эгаллаб ишлаш, оила даромадига ҳисса қўшиш ниятида эдим. “Аёллар дафтари”га ёзилгач, сартарошлик бўйича тайёр иш, бунинг устига бепул ўқув курси борлигини эшитиб хурсанд бўлдим. Айтишгани рост экан, 15 кун давомида 72 соат ўқув дарсларини тингладик. Пойтахт меҳмонхонасига жойлашиш, соҳанинг мутахассисларидан дарс олиш, буларнинг ҳеч бирига чиқимдор бўлмадик, ҳатто! Талабалик бахтини ҳис қилгандай бўлдим. Ҳозир шинамгина салонда барча шароит, иш қуроллари билан меҳнатимни бошладим.
Гулистон тумани, “Олтин водий” мфйлик Наргиза Ҳасанова ҳам айни имконият сабаб муносиб ишли бўлди. Илгари сартарошлик касбига қизиқиб бир муддат шогирд тушган. Лекин етарли тажриба, маблағ бўлмагани учун таваккал қилишни ортга суриб келди. “Аёллар дафтари” берган имтиёз унинг кўп йиллик режалари амалга ошишига кўмаклашди.
-Соҳани ҳақиқий устозлардан ўрганиш, таълим олиш кўп устунлик берар экан. Мономарказда ўқиш бошида ёқмаган эди. Аввал шу соҳада озроқ ўрганганларим етади деб ўйлаган эканман, -дейди Наргиза Ҳасанова. -Соҳанинг энг малакали устозлари бизга ҳунарнинг нозик сирларини ўргатиш билан иш жойини озода сақлаш, санитария қоидалари, тадбиркорлик омиллари ҳақида ҳам билим беришди. Ўз салонимда қишлоқ аёлларига сифатли хизмат кўрсатиш билан бирга ҳунаримни ўргатишни, шогирд тайёрлашни ният қилдим.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!