Click to listen highlighted text!

ИЛҲОМ БЕРГАН ИМКОНИЯТ

Муножат опа Мирзаобод туманида бунёд этилган Нурли келажак массиви, “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. 2020 йилнинг 1-май куни Сардоба сув омборида юз берган техноген офатдан маҳалла ҳудуди ҳам талофат кўрган эди. Ҳудудда яшаш жойлари тикланиб, янгидан бунёд этилиши билан бирга аҳолининг турмуш шароитлари мукаммал даражага келтирилди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга имтиёзлар берилди. Ана шу имтиёз туфайли Муножат Салоҳиддинова ўн етти миллион беш юз минг сўм кредит эвазига 5 дона тикув машинаси олди. Шундай қилиб ўзи сингари “Аёллар дафтари” рўйҳатида бўлган 9 нафар ишсиз аёлни иш билан таъминлади.
“Янги Ҳаёт Навбахор” ишлаб чиқариш корперативини рўйҳатдан ўтказди, шунингдек, унда касаба уюшма ташкилоти ташкил этди. Шу йилнинг 15- июл куни меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида “Жамоа шартномаси” ҳам қабул қилинди.
Ишлаб чиқариш корперативи ҳозирги кунда фаолиятини кенгайтириб ўз даромади ҳисобига яна 5 дона тикув машинаси келтирди. Йил охиригача дастгоҳлар сони 20 тагача етказиб ишчилар сонини 25 нафарга етказишни мақсад қилган.
-48 ёшимда тадбиркорлик ишини бошладим, -дейди Муножат Салоҳиддинова. – Маҳалламизда содир бўлган талофатдан кейин биринчи ўринда кўрпа-тўшак зарурати сезилди. Кўрпа жилдлари биз ишлаб чиқарган илк маҳсулот бўлди. Шундай давом этиб парда, янги қурилган боғча учун кўрпа жилдлари тикиб шартномалар ола бошладик.
Айни пайтда корхонада аёллар ва эркаклар либослари, ўқувчи формалари тикилмоқда. Бундан ташқари ишлаб чиқариш негизида сартарошлик, компьютер курси ҳам ташкил этилган. Маҳаллада бу каби курс ва хизматлар аввал бўлмаган. Янгиликни барча яхши қабул қилди ва ўқиш учун навбатга ёзилишди.
Касаба уюшмаси тузилгани корхона ишчилари меҳнат шароитлари яхшиланишига сабаб бўлди. Дам олиш, овқатланиш ва ювиниш хоналари ташкил этилган. Шунингдек, тикув цехи ходимлари махсус кийим-бош билан таъминланган.
Муножот опа Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлашда барчага намуна кўрсатган масъулларни муносиб рағбатлантириш мақсадида ташкил этган кўрик-танловининг “Касаба уюшмалари лауреати” номинацияси вилоят босқичи ғолиби бўлди. Мукофот сифатида 30 млн сўмлик сертификат билан рағбатлантирилди.
-Маҳалламиз бошига тушган талофатга бир йил ўтди. Жуда тушкунликка тушган эдик. Бугун ҳаммаси унут бўлди. Турмуш шароитимиз ўнгланиб орзуларимизга етишяпмиз. Бир йил ичида ҳаётимда шундай ўзгаришлар бўлади деб сира ўйламагандим, -дейди “Янги Ҳаёт Навбахор” ишлаб чиқариш корперативи раҳбари Муножат Салоҳиддинова. –Бизга янги имконият эшикларини очиб берган, йўлбошчи бўлган президентимиз, касаба уюшмаларидан миннатдорман. Мана 48 ёшимда омадли тадбиркорга айландим. Яратилган имкониятлар менга илҳом берди.

Озода МАМАДИЛЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!