БАХТИМИЗ ҚОМУСИГА БАҒИШЛАНДИ
Давлатимиз бош қомуси- Конституциянинг 29 йиллик байрамини нишонлаш тадбирлари Оқолтин туманида кўплаб ўтказилмоқда. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмаси кенгаши ҳамда туман халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган худудий спартакиада мусобақалари ҳам сана муносабати билан ташкил этилди.
Учта ҳудудда ўтказилган баҳсларда спортнинг волейбол, стол тенниси, шахмат ва шашка турлари билан ўзаро куч синалди. Унда тумандаги 18 та умумтаълим мактабидан 181 нафар ходими иштирок этди.
– Касал бўлмай соғлом юриш учун доимо ҳаракатда бўлиш ва спортнинг бирор турида мунтазам шуғулланишни одатга айлантириш кераклиги маълумотини деярли ҳамма тушунди. Спортни севимли машғулотига айлантирганлар кўпчиликмиз, -дейди стол тенниси бўйича ғолиб, 12-умумтаълим мактаб директори Шерзод Эшбоев .-Шу боис ҳам ютиш осон кечмаяпти. Лекин ҳамкасблар билан ўтказилган ўйинларда муҳими ғолиблик эмас. Чарчоқлар ёзилади, ишчанлик ошади.
Тадбир якунида 1-,2-,3-ўринни қўлга киритган иштирокчиларга туман бўлинмаси кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Рахмат БИЛОЛОВ,
Таълим ва фан ходимлари
Касаба уюшмаси Оқолтин туман
бўлинмаси Кенгаши раиси