Click to listen highlighted text!

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН- ЎҚУВЧИЛАР НИГОҲИДА

Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорликда умумтаълим мактабларининг 10-11- синф ўқувчилари ўртасида “Менинг Президентим” мавзусида танлов эълон қилган. Айни кунларда давлатимиз Конституциясининг 29 йиллиги муносабати билан ташкил этилган танловнинг биринчи –мактаб босқичи бўлиб ўтмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Равшан Бедилов ижодий ишлар танловининг Сирдарё вилоятидаги жараёнлари билан танишди. Гулистон шаҳридаги 2- ва 4-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, танлов низомини батафсил тушунтирди, шунингдек, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ёшларнинг муносабати тўғрисида фикр алмашди.
-Янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар таълим тизими, ёшларга берилаётган имкониятлар оширилишида ҳам сезилмоқда. Турли тадбир ва танловлар ўтказиш орқали ўқувчиларни фан ўзлаштиришда, ижод қилишда, жамиятда фаол бўлишга рағбатлантирмоқда, -дейди 4-сонли умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Гавҳар Султонова. –“Менинг Президентим” танлови шартлари, ғолибларнинг юқори тақдирланиши ўқувчиларда ватан сиёсатини ўрганиш, ижодий, танқидий ва ностандарт фикрлаш кўникмалари ривожланишига туртки бўлади. Қолаверса, ўқувчиларнинг сиёсий онги ва маданиятини оширади, ватанпарварлик ҳиссини юксалтиради ва бор имкониятларни қадрлаш ҳиссини беради.
– Мактабда аъло ўқишга, турли танловларда қатнашиб фаол бўлишга ҳаракат қиламан, – дейди 2-мактабнинг 10-“Б” синф ўқувчиси Сарвиноз Туронова. – “Конституция билимдони” номли танловда иштирок этиб, вилоят босқичида 1-ўринни эгалладим. Бугун “Менинг президентим” танловида қатнашиш истагини билдирдим ва биринчи босқичда “Янги Ўзбекистон менинг нигоҳимда” мавзусида эссе ёздим. Унда юртимиздаги вазият, юз бераётган воқеалар ҳақида эшитганларим, кузатувларим ва хулосаларим ҳақида баён қилдим. Танлов ташкилотчиларига рахмат.
Тармоқ раиси Равшан Бедилов шаҳар халқ таълими бўлими вакиллари, касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти раислари билан танловни юқори савияда ташкил этиш борасида кўрсатмалар берди.
Шу куни барча туман ва шаҳар кенгашилари раислари ҳамда танлов ўтказилишига бириктирилган масъуллар билан давра суҳбати ўтказилди. Танловни кенг қамровда ўтказиш учун муҳим тавсиялар берилди.

Фарҳод ТАШТАНОВ,
Таълим ва фан ходимлари
Касаба уюшмаси
Гулистон шаҳар Кенгаши раиси 

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!