Click to listen highlighted text!

БАЙРАМ ТАДБИРЛАРИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Хотин-қизларга Ўзбекистондагидек ҳурмат-эътибор дунёнинг бирорта мамлакатида йўқ, бизнинг юртимизда ҳар йили 8 Март –Халқаро хотин-қизлар кунига алоҳида тадорик кўрилади, мамлакат бутун бир гулдастага айланади. Бу йил ҳам ушбу байрамни кўтаринки руҳда кутиб олинмоқда. Айниқса, жорий йилнинг 2 феврал куни Президентимиз томонидан қабул қилинган ПФ-5325-сонли “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони хотин-қизлар учун жуда катта совға бўлди. Ушбу Фармон Президентимизнинг аёлларга бўлган эҳтиромини рўйи рост кўрсатди.
Жойларда ўтаётган тадбирлар ана шу Фармоннинг ижроси ўлароқ, жамиятдаги хотин-қизларнинг барча қталамларини қамраб олди. Хусусан, Гулистон туманидаги муҳташам “Малика” тўйхонасида туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда фахрий ва фаол аёллар қаторида кам таъминланган, боқувчиси йўқотган, нотинч оилалар вакиллари ҳамда минг ойни қаршилаган нуроний онахонлар ҳам иштирок этдилар. Тадбир иштирокчиларини туман ҳокими Абдумавлон Ибодуллаев ҳамда туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Олия Турдиева, Ўзбекистон Либерал Демократик партияси вилоят бўлими раиси ўринбосари Покиза Ахмеджановалар байрам билан табрикладилар.
-Мана шу кунларга етказган Аллоҳимга минг шукрлар бўлсин, – дейди Гулистон тумани Уч Қаҳрамон МФЙ да истиқомат қилувчи 80 ёшли онахон Хосиятхон Турдиалиева. – Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳамиша ҳам сўзларида, ҳам ишларида кексаларга нисабатан ҳурмат ва иззат кўрсатадилар, мен 80 ёшдан ошсам-да телевизор орқали юртимизда бўлаётган янгиланишларни кўриб, қувонаман. Ҳозир ҳам ушбу даврада ўтирганимдан, туманимиз раҳбарлари томонидан кўрсатилаётган иззат-икромдан бошим осмонга етди. Илоҳим, юртимиз ҳамиша тинч, юртдошларимизнинг қадри баланд бўлсин!
Хосиятхон ая даврада янграган “Тановар” куйига чиройли рақсга тушиб, бизни ҳайратлантирдилар. Айтишларича, ая ёшликларида Уч Қаҳрамон хўжалиги қошидаги клубда ташкил топган “Тановар” ансамбли аъзоси бўлган эканлар.
– Ёшларга ҳавасимиз келади, – дейишди чиройли рақслардан кейин нафас ростлаш учун чойдан ҳўплаб ўтирган онахонлар – Норхол Деҳқонова ҳамда Жамила Ҳасановалар. – Биз ўз вақтида декрет таътили нималигини билмаганмиз, 37 йилдан узлуксиз ишлаганмиз. Болаларимиз ясли-боғчаларда катта бўлган, ҳозир ёшлар учун ҳамма шароитлар мавжуд. 3 ёшгача бола тарбияси билан бемалол машғул бўлишлари мумкин, бизнинг давримиздаги боғчалар билан ҳозирги мактабгача тарбия муассасаларининг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Хотин-қизларнинг жамиятда тобора нуфузи ошиб бормоқда, бунга шахсан Президентимизнинг ўзи бош-қош бўлмоқда. Мана, бизни ҳам ҳурмат қилиб турли тадбирларга, байрамларга таклиф қилишяпти. Фаолликка чорлашяпти. Шундай замон бўлдики, четда туришнинг ўзи уят. Шу боис, бизни эслаган, бизга ишонган барчага раҳмат. Барчага байрам қутлуғ бўлсин!
Худди шундай байрам тадбири 6 март куни Боёвут туманидаги “Шербек ота” тўйхонасида ҳам бўлиб ўтди. Шу куни 8 март –Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан 400 нафар аёллар учну байрам дастурхони ёзилди. Уларнинг орасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, нотинч оилалар вакиллари ҳамда ногиронлиги бор бўлган хотин-қизлар, шу билан бирга минг ойни кўрган онахонлар, қишлоқ хўжалиги ишларида фаол қатнашган “Мадад” гуруҳлари аъзолари, фахрий ва фаол аёллар иштирок этишди.
Иштирокчиларни Боёвут тумани ҳокими Ойбек Ашурматов, шоира Ҳаётхон Ортиқбоева ва туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Замира Исроиловалар байрам билан табрикладилар. Даврада гулдек яшнаб ўтирган аёллар орасида Бобоюрт МФЙдан нуроний онахон –минг они қаршилаган Шарофат Тўрақулова ҳам бор.
– Кейинги йилларда кексаларга бўлган эътибор ва эъзоз ҳар қачонгидан юқори, -дейди онахон. – Мана, шу ёшимда давранинг тўрида иззат-икромда ўтирибман. Илоҳим, бизни азиз қилганларнинг боши омон бўлсин, юртимиз тинч ва фаровон бўлсин!
Суҳбатдошларимиз – туманнинг Садриддин Айний МФЙдан, боқувчисини йўқотган Матлуба Умирова, Пахтакор МФЙ дан кўп болали она Тўтинисо Алиқуловалар ҳам юртимизда аёлга бўлган эҳтиромдан шодмонликларини айтишди.
Байрам шодиёнаси шўх қўшиқлар ва рақслар билан давом этди.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!