БИЗНИНГ МУРОЖААТЧИ ЮТҚАЗМАЙДИ
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Сирдарё вилояти Кенашига вилоят дерматовенерология ва косметология диспансерининг навбатчи ҳамширалари Гулинара Аджихалилова, Мастура Мамадалиева ҳамда диспансер навбатчи фарроши София Исроиловалар ўзлари билан тузилган меҳнат шартномаси уларнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантириш хати берилганлиги, вазият юзасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди.
Масала кенгашнинг вилоят бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан тезда ўрганиб чиқилиб, диспансер бош шифокори номига кўрсатма хати киритилди. Мазкур кўрсатмада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 1-бандида бир қанча кафолатлар билан бир қаторда 2019- йил 1- майдан аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун хужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланиши белгиланганлиги, диспансер ходимлари Г.Аджихалилова, М.Мамадалиева ҳамда С.Исроиловалар хозирги кунда 60 ёшга тўлмаганлиги боис, улар билан тузилган меҳнат шартномаси пенсия ёшига етганлиги асосига кўра бекор қилиниши мумкин эмаслиги маълум қилинди.
Вилоят дерматовенерология ва косметология диспансери томонидан кўрсатма ижроси таъминланган холда диспансер ходимлари билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги огоҳлантириш хатлари бекор қилинганлиги маълум қилинди.
Абдураҳим АЛБЕКОВ,
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш
ходимлари касаба уюшмаси Республика
Кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича
меҳнат ҳуқуқ инспектори