СИРДАРЁЛИК БОЛАЛАР ОРОМГОҲГА КУЗАТИЛДИ
Жорий йил ёз мавсумида 2 минг нафар бола стационар шароитда соғломлаштирилиши режалаштирилган. Мавсумга оромгоҳларни тайёрлаш, болаларнинг сифатли соғломлаштирилиши ва дам олишини ташкил этиш ишлари масъуллар, жумладан, касаба уюшмалари томонидан зарур чора-тадбирлар белгиланган.
Бугун, 3-июнь куни Сирдарёлик болажонлар Жиззах вилоятида жойлашган “Зомин” болалар оромгоҳининг биринчи навбатига кузатилди. Мактаб дарсларини якунлаб ёзги таътилни бошлаган 250 нафар ўқувчи баҳаво, соя-салқин, чашмали ҳудудда ўз хордиғини бошлади.
Гулистон шаҳридан кузатиш маросимида масъуллар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов ҳамда ота-оналар қатнашди. Йўлга чиққан автобусларни оқ йўл тилаб, кузатишди.
-Оромгоҳда болажонларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар етарли. Тайёргарлик жараёнлари доимий ўрганилди, тавсиялар берилди. Таътилда мириқиб дам олиш ва фойдали ўтиши учун малакали етакчилар танлаб олинган. Қисқаси, фарзандларимиз соғлом ўсиши, ижодий қобилияти ривожланиши ва янги ўқув йилига етарли қувват тўплаши учун ҳаммаси шай қилинган, -деди вилоят Кенгаши раиси Р.Турсунмуродов.