КАСАБА УЮШМАСИ АРАЛАШУВИ БИЛАНХОДИМ ЎЗ ИШИГА ТИКЛАНДИ.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Сирдарё вилоят Кенгашига Гулистон шаҳрида яшовчи, фуқаро Жасурбек Абдурахманов мурожаат қилиб, “Сирдарё худудий электр тармоқлари корхонаси” Акциядорлик жамиятининг 2022 йил 8 июндаги 35-сонли буйруғига асосан унинг билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинганидан норози бўлиб, уни ўз ишига тиклашни сўраган.
Ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, фуқаро Ж.Абдурахманов 2018 йил 18 майдаги АЖнинг 078-сонли буйруғи билан Гулистон шаҳар электр таъминоти корхонаси электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини алмаштириш, ўрнатиш ва эксплуатация қилиш электромонтер вазифасига асосий иш бўйича меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилинган.
2022 йил 16 майдан Ж.Абдурахманов сабабсиз ишга келмаганлиги учун, 2022 йил 8 июнь куни АЖнинг 35-сонли буйруғига кўра, Ж.Абдурахманов билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодексининг 100-моддаси, 2-қисми, 4-бандига асосан бекор қилинган.
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг бир қатор моддалари талаби бузилган. Қолаверса, 2022 йил 1 июндаги Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат Техника университети томонидан Ж.Абдурахмановга берилган 30 майдан то 25 июнгача ўқишга чақирув қоғозини қабул қилиш бўлимига топширган, хат 2022 йил 7 июнда қайд этилиб, коррупция бўлимига чиқарилган. Лекин, ўқишга юборилиш ҳақида буйруқ чиқарилмаган. Демак, Ж.Абдурахманов 30 майдан 25 июнгача институтга ўқишга юборилган ҳисобланади. Шунга қарамай унинг билан тузилган меҳнат шартномаси 2022 йил 8 июндан бекор қилинган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, касаба уюшма томонидан иш берувчи номига Ж.Абдурахмановни ўз ишига тиклашни сўраб тақдимнома киритилди ва 2022 йил 28 июндаги “Сирдарё худудий электр тармоқлари корхонаси” Акциядорлик жамиятининг АХ-40/977-сонли хатига асосан мурожаат қаноатлантирилиб, буйруқ бекор қилинди ва Ж.Абдурахмановга ўқув таътили расмийлаштирилди.
ЎКУФнинг Сирдарё вилоят Кенгаши
Меҳнат ҳуқуқ инспектори Ш.Умаралиева