БАЙРАМ АРАФАСИДА КАСАБА УЮШМАЛАРИ ЭҲТИЁЖМАНД АҲОЛИ ХОНАДОНЛАРИГА ТАШРИФ БУЮРИБ ЙЎҚЛОВ УЛАШДИ
Бугун эрта тонгдан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят кенгашининг байрам совғаларидан иборат йўқлови “Аёллар дафтари”да бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар хонодонига етиб борди.
Халқимиз учун энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллигини муносиб кутиб олиш, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” ғоясини ўзида мужассам этган амалий ишлар ижросида касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этаётир.
Тадбир доирасида вилоятнинг барча туман, шаҳарларидаги 65 нафар аёл, шунингдек, II Жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олиниб, 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
Касаба уюшма ходими, маҳалла фаолларининг боёвутлик Фотима Холмирзаева хонадонига амалга оширган йўқлови оила аъзоларини қувонтириб юборди.
-Соғлиғимни тиклаш, уй-жойимни таъмирлаш, неки эҳтиёжим бўлса, давлатимиз кўмагини ҳис қилдим. Давлатимиз мустақиллиги байрамини қалбимда фахр билан нишонлаяпман, -дейди Фотима Холмирзаева. –Бугунги йўқлов учун жуда миннатдорман. Илоҳим, давлатимиз озод, обод бўлаверсин.
Сирдарё туманида истиқомат қилувчи Иван Шведенко 1943 йил, 17 ёшида ўз ихтиёри билан урушга кетиб, тинчлик деган неъматнинг нақадар тотли эканлигини ҳис қилган ва буни яқинларига сўзлашдан чарчамайди.
-96 ёшга кирдим, ёшлик давримда олган хулосам ўзгармай келмоқда, -дейди Иван Шведенко. – Фақатгина мустақиллик, тинчлик инсонларни бахтли қила олади. Инсон қадрини озод давлатгина эъзозлай олади. Биз бу ардоқни ҳис қилиб яшаяпмиз.
Шунингдек, касаба уюшмалари вилоят кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов Сирдарё туманидаги “Мурувват” аёллар уйида тарбияланувчи хотин-қизлар ҳолидан хабар олди. Уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва тозалик воситалари топширилди.
Озода Мамадалиева