Click to listen highlighted text!

КЎҲНА ХОВОС БАҒРИГА САЁҲАТ

Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш, уларнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, мақбул ва қулай ички ва халқаро зиёрат туризми муҳитини яратиш, транспорт йўналишларини кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш, туризм маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имижини мустаҳкамлаш борасида янги босқичдаги катта ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021- йил 9-февралдаги ПФ-6165-сонли Фармонининг қабул қилиниши ушбу соҳанинг ҳуқуқий жиҳатдан янада мустаҳкамланиши муҳим қадам бўлди дейиш мумкин.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва туризм соҳасига бўлаётган эътибор натижасида бугунги кунда Кўҳна Ховос ҳам нафақат янгича қиёфа касб этиб бормоқда, балки кун сайин кўплаб зиёратчилар ва сайёҳларни ўз бағрига чорламоқда. Бугун Кўҳна Ховосга қадамранжида этган ҳар бир киши ўтмиш сирларини ўз бағрига сингдирган қадим заминда замонавий архитектура услуби тарих билан уйғунлашган ажойиб манзарага гувоҳ бўлади.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Боёвут туман бўлинмаси кенгаши томонидан мактабгача таълим тизими соҳасида фаолият олиб бораётган бир гуруҳ фидоий касаба уюшмаси аъзоларини ана шу замин бағридаги гўзалликдан баҳраманд этиш мақсадида саёҳат уюштирилди. Касаба уюшмаси аъзолари саёҳат давомида Ховос тумани марказида бунёд этилган «Ховос сити» мавзесидаги ўлкашунослик музейи фаолияти ва у ердаги асосан Эски Ховостепа археологик ёдгорлигидан топилган осори атиқалар билан яқиндан танишишди. Маълумки, Эски Ховостепа Ипак йўли чорраҳасидаги муҳим манзиллардан бири бўлган. Музей билан танишиш жараёнида ҳали мазкур археологик ёдгорликнинг атиги ярим гектарида қазилма ишлари олиб борилганлиги, қазишмалар натижасида топилган икки минглик тарихга эга бронзадан ишланган кели сопи ва темир омоч, дори учун ишлатилган шиша идишнинг бус-бутун топилиши каби қизиқарли факт ва маълумотлар музейга ташриф буюрувчиларда катта таассурот уйғотди. “Кўҳна Ховос Сирдарё вилоятининг энг қадимий манзилгоҳлари Сирдарё дарёси ва тоғ сойлари бўйида бундан уч минг йил аввал пайдо бўла бошлаган. Бу ҳудудда катта тарихий аҳамиятга эга бўлган бир қанча муҳим ёдгорликлар қад ростлаган. Масалан, Ховос туманида “Кўҳна Ховос” зиёратгоҳи ва археологик ёдгорликлардан иборат катта мажмуа мавжуд.“Кўҳна Ховос”нинг умумий майдони 12 гектарни ташкил этади. Марказий Осиё тарихи бўйича мутахассис, профессор М.Е. Массоннинг фикрича, Мирзачўлнинг катта тоғлари ўрта асрлардаги Ховоснинг марказий харобалари ҳисобланади. Ушбу баланд тоғда аҳоли яшаган, бунинг натижасида ёдгорликда археологик қазиш ишлари олиб боришнинг иложи бўлмаган. Тадқиқотлар босқичма-босқич олиб борилмоқда ва яқин келажакда қадимий шаҳар вайроналари ва бир қанча ёдгорликларни очиш режалаштирилган. Ховосда жами 28 та зиёратгоҳ бўлган бўлса, бугунги кунда атиги 12 таси сақланиб қолган” деб маълумот беради соҳа мутахассиси Ш.Жўрайев. Кўҳна Ховосга ташриф буюрган саёҳатчилар Хасти Бузругон мақбараси, Саъду Саййид масжиди, Биби Оча мақбараси, Юсуф бобо мақбараси, Саъду Саййид масжиди, Шербобо мақбараси каби қатор тарихий қадамжоларини зиёрат етиб, бугун туризм соҳасига кенг имкониятлар очилганлигига яна бир бор гувоҳ бўлдилар.

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси
Боёвут туман бўлинмаси
Кенгаши раиси Б.Зикриллайев

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!