Click to listen highlighted text!

ОЧИҚ МУЛОҚОТ, ОШКОРА ФИКР – ГАЗЕТА МУНДАРИЖАСИНИ БОЙИТАДИ

Бугун, 11 октябр куни “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари таҳририяти жамоаси Сирдарё вилоят журналистлари, газета тарқатувчилар, касаба уюшма фаоллари ва газета муштарийлари билан юзма – юз мулоқот қилди.
–Сўнгги йилларда таҳририятга аҳоли томонидан турли мазмундаги мурожаатлар сони кўпайгани одамлар бизни ўқиётгани, бизга ишонч билдираётганини исботламоқда, -деди “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов. – Юзма – юз мулоқотлар, ўйлаймизки, газета мазмун-мундарижасини белгилаб олиш билан бирга, мавзулар доирасини кенгайтиришга хизмат қилади.
-Юртимиз шиддат билан тараққиёт сари интилмоқда. Ислоҳотлар ақлни шошириб юборай дейди. Мана шундай паллада масалага тўғри ёндашув, бўрттирилмаган таҳлил, асосли танқид зарур. Бу эҳтиёжни, шубҳасиз, газета қондира олади. Шунинг учун ҳам 11 та газета ва журналга обуна бўлганман, -дейди Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов.- Улар орасида “Ишонч” газетаси чинакамига ишончни оқлаб келаётир. Газета саҳифаларида илғор фикрли кишилар муносабати тезкорлик билан бериб борилишига ўрганиб қолдик, Янги қарор, қонун муҳокамага қўйилса “Ишонч”да нима дейишяпти?” деб ўқишга шошадиган, сўроқлайдиган бўлдик. Истагимиз, рўзнома доимо фикрларга очиқ майдон бўлаверсин! Яна бир гап, китобхонлик, китоблар мавзуси ҳақида енг кўп таҳлилий мақола берган газета деб “Ишонч”ни айтамиз. Таклифимиз, бу давомли бўлсин, шунингдек, янги номлар деган рукн ташкил этилса ва унда қайноқ нашрдан чиққан асарлар ҳақида маълумот ва тақриз берилса деган таклифни бераман.

ИЗЛАНИШДАГИ ГАЗЕТА
-Таҳририятнинг сўнгги йилларда обуначилар манфаатини ўйлаб ички нархларда шартнома таклиф қилиши, муштарий қўлига боришини назорат қилиб, газета етказиш ишларига ҳам ўзи бош -қош бўлиши, йил давомида мониторинг амалга оширгани истеъмолчи манфаатини устун қўйишида деб биламан, – дейди касаба уюшмалари ташкилотлари вилоят кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов. –Кўплаб чет муаллифлар, турли соҳа мутахассислари учун минбар бўлиб келиши билан саҳифалар қадри ошиб бораётир. Газета энди шунчаки янгиликлар тасмаси эмас, ўқишли материаллари сабаб асраб қўйиладиган сонлари кўпаймоқда. Газета сайти ҳисобланган ishonch.uz жонланиб, таҳлилий ва танқидий мақолалари билан муштарийларини хурсанд қилмоқда.

ЭЪТИРОФГА САЗОВОР
– Газета халқчил, берилган мурожаатларга ўрганиш билан жавоб бермоқда. Кўтарилган муаммога барчанинг эътиборини қаратмоқда, – дейди касаба уюшмаси ижтимоий суғурта бўлими бошлиғи Раҳматилла Султонов. – Айниқса, мавзуга қайтиб давом эттириши билан ютуқли натижаларга эришмоқда. Газетхонлар “Ишонч”да чиқдими, ҳал бўлади” деган гапни ишониб айтишяпти, ахир. Касаба уюшмаси аралашгач, “Ишонч”га жавоб беришди, сўраган экансиз рукнларини катта қизиқиш билан кузатиб борамиз. Таклифим, касаба уюшмалари тарихи, дунё касаба уюшмаси тажрибалари ҳақида туркум мақолалар ўқисак.
– Газетхонларнинг фикрини мунтазам ўрганиб бориш, улар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш газетага бўлган муносабатни юқорилайди. Хўш, йилнинг биринчи ярмида ижодий жамоа қандай ишларни амалга оширди, мазмундорлик ва таъсирчанликни яхшилаш учун яна нималар қилиш керак, қандай режалар бор каби саволларга юзма юз кўришилганда аниқ жавоблар топилади,-дейди “Yangi Sirdaryo” ва “Новая Сырдарья” газеталари бош муҳаррири, шоир Муҳаммад Исмоил. -Бошқа нашрлар қатори “Ишонч” нинг ҳам ҳар бир сонини ўқиб бораман. Ўзимга маъқул келган материалларни белгилаб қўяман. Уларни бошқаларга ҳам ўқишни тавсия этаман. Шундай таҳлилий мақолалар борки, ҳамкасбларим, маҳалладошлар, оила аъзоларим билан ўртоқлашаман.

ТАҲРИРИЯТГА ТАКЛИФЛАР
– Элига, юртига нафи тегадиган иш билан шуғулланган киши жисмонан бақувват, руҳан бардам бўлади. Ҳаётга муҳаббати ортиб кўнлидагини қоғозга туширади, – дейди агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси гулистон шаҳар кенгаши раиси Қаршибой Эшназаров.– Севимли газетамизда меҳнат билан ижодни баравар олиб бораётганлар ҳаёти, уларнинг ижод намуналари бериб борилса жуда мамнун бўлардик.
Иштирокчилар билан кечган жонли мулоқот давомида муштарийларга касаба уюшмаси, таҳририят фаолиятига оид викторина савол-жавоблари ташкил этилди. Зукко иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлими ҳамда уюшманинг Сирдарё вилояти ҳамда “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари таҳририяти билан “Yangi Sirdaryo” ва “Новая Сырдарья” газеталари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва тажриба алмашиш борасида меморандумлар имзоланди.

Озода МАМАДАЛИЕВА
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!