Click to listen highlighted text!

СУҒУРТАДАН СУҒУРИБ ОЛ(МИ)

Сайхунобод тумани 27-умумтаълим мактаб ўқитувчиси Жўрабек Низомов 2021 йилнинг қишида мактаб зинапояси сирпанчиқ бўлганлиги сабабли сирпаниб ўнг қўл қисми билан йиқилиб тушган эди. Натижада ўнг билак суяклари тўпиқ жойидан ёпиқ синиши жароҳатини олган.
Шундан сўнг меҳнат қонунчилигимизга кўра ҳодиса юзасидан текшириш ўтказилиб саломатликка зарар етказилганлиги тўғрисида далолатнома тузилган. Ҳатто 15 фоиз касбий меҳнат лаёқати йўқотилганлиги даражаси тасдиқланган.
Иш берувчи ва суғурта компанияси ўртасида 2020 йил 26-март санасида суғурта шартномаси тузилган ва 2021 йил 28-апрелгача бир йил муддатга суғурта жавобгарлиги белгиланган эди. Бироқ “Kafolat sug’urta kompaniyasi” АЖ вилоят филиали директори ҳодиса суғурта даъволарини кўриб чиқиш департаменти томонидан ўрганилганлиги, ходим ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида зинапоядан йиқилган деган хулосага келишгани ва суғурта товони тўлаш рад этилганлигини маълум қилган.
Ана шунда Жўрабек Низомов товон пули масаласида амалий ёрдам сўраб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгашига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Унинг мурожаати бўйича касаба уюшмаси меҳнат инспектори Абдукамол Ҳакимов тўланиши лозим бўлган зарар ҳамда нафақа пулларини ҳисоблаб, ундуриш бўйича судга даъво аризаси киритди.
Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 2022 йил 25-февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилди ва 3 миллион 37 минг 940 сўм зарар, бир йўла бериладиган 22 миллион 119 минг 585 сўм нафақа пули ундириладиган бўлди.
Бироқ, жавобгар томон суд қароридан норози бўлиб апелляция шикояти ёзди. Мана шундан кейин мактаб ўқитувчининг “судлашиш”и бошланиб кетди.
Бахтсиз ҳодиса бўйича тузилган далолатнома қайтадан тузилиб, мактаб таъмирлангач бино зинасига кафел ётқизилганлиги, кафеллар очиқ жойда қиш мавсумида сирпанчиқ бўлиши инобатга олинмаганлиги, иш берувчи томонидан “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддаси талаблари бузилганлиги асослари келтирилди.
Иш шу қадар чўзилдики, масалани узил-кесил ҳал қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий судининг чекига тушди. Ниҳоят, 2023 йилнинг 13-январида Олий суд масала юзасидан бунгача қабул қилинган туманлараро судининг ҳал қилув қарори ва вилоят суди судлов ҳайъатининг ажримини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдириш бўйича ажрим қилди.
Зарар пули, товон пули ундирилиши бўйича мурожаатлар сони доим кўп бўлган. Суғуртадан пулни шунчаки олиб бўлмайди, суғуриб олиш мумкин дейишганича бор. Чунки шу масаладаги ишлар суд қарори билан якун топгани тўғрисидаги хабарларни ёзиб келаяпмиз.
Бироқ, бу ҳолатнинг оғриқли саволлари кўп… адолат тикланиши, қонуний ҳақлар ундирилишига нақ икки йил сарф бўлса-я! Жамиятда устоз мақомини ошириш ҳақида гапирамизу, аслида унинг арзимас 25 миллион сўм пулларини бермай судраймиз. Ҳақдорлигингни судлар ўз қарорлари билан тасдиқлаб турсаю, суғуртанинг ўжарлиги тутиб мажбуриятини бажаришдан бош тортганида ўқитувчининг йўқотилган асабларини ким ҳисоблаб беролади?

Озода МАМАДАЛИЕВА
«ISHONCH»

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!