ШУКРОНАЛИК ҲИССИ БИЛАН ЯШАЙЛИК!

        Энг улуғ ва энг азиз байрамимиз арафасида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими томонидан қатор маърифий тадбирлар, маънавият соатлари ўтказилмоқда.

       Яқинда ана шундай тадбирлардан бири “ХовосДон” акциядорлик жамияти меҳнат жамоасида бўлиб ўтди.

      Шундоққина олтиндек товланиб ётган буғдой хирмони яқинида, очиқ ҳавода ўтказилган ушбу тадбирда акциядорлик жамияти ишчи-ходимлари вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими етакчи мутахассиси Зебо Ҳайдарова, вилоят драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Адҳам Абдуллаев, Ховос тумани нотариал идораси нотариуси Шириной Қаршиева ҳамда туман ФҲДЁ бўлими мудираси Хадича Аслановалар билан учрашиб,  дилдан суҳбатлашдилар.

     Тадбирни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими етакчи мутахассиси Зебо Ҳайдарова олиб борди. У тадбир иштирокчиларини Истиқлолимизнинг шонли 25 йиллиги билан қутлар экан, “ким эдигу ким бўлдик?” мавзусига тўхталди. 25 йил давомида эришган ютуқларимиз, хусусан, касаба уюшмалари тизимида рўй берган янгиланишлар, олиб борилаётган ишлар, касаба уюшма акциялари ҳақида тўлқинланиб гапирди.

     Сўзга чиққан вилоят драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Адҳам Абдуллаев тадбир қатнашчиларини байрам билан табриклар экан,  ўз сўзида вилоят драма театри фаолиятига, театр репертуаридан ўрин олган спектаклларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, спектакллардан парчалар ижро этиб, иштирокчилар кўнглини хушнуд этди.

     Тадбирда ҳуқуқшунослар Шириной Қаршиева ва Хадича Аслановалар ҳам сўзга чиқдилар, ўз маърузаларида Меҳнат Кодекси мазмун-моҳиятига, ҳуқуқий маданиятни шакллантириш масалаларига тўхталиб ўтдилар.

     Тадбир сўнгида “ХовосДон” акциядорлик жамияти юристи Абдукарим Бобоев ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Светлана Зайцевалар  меҳнат жамоаси номидан маърузачиларга миннатдорчилик билдирдилар.

   – Биз маърузачилар, хусусан, вилоят драма театри актёри Адҳам ака Абдуллаевга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, – дейди акциядорлик жамияти ишчиси Хусан Вафоев. – Маънавият соати биз учун жуда  мазмунли ва кўтаринки руҳда ўтди. Ҳақиқатан ҳам жаннатмонанд, тинч ва озод  юртимизда шукроналик ҳисси билан яшамоғимиз керак. Театр ходимлари ва маънавият тарғиботчилари билан бундай тадбирлар тез-тез ўтказилиб турилишини истар эдик.

 

ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими

Print Friendly, PDF & Email