Эл ташвиши билан яшайди

   Адолат опанинг кўксини яна бир нишон безади.  “Меҳнат шуҳрати” ордени олганида муборакбод этганлар энди  у кишини Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан Президентимизнинг юксак мукофоти – «Фидокорона хизматлари учун»  ордени билан тақдирлангани  муносабати билан табрикладилар,     айниқса маҳалладошлари “меҳнат қилган элда азизда, опамизнинг меҳнатлари муносиб баҳоланмоқда,” дея ғурурландилар.

     Ўтган сафаргидек  опани  юксак мукофот билан  Ўзбекистон Республикаси Хотин- қизлар қўмитаси раиси Элмира Баситхонова қутлар экан, мустаҳкам соғлик, машаққатли меҳнатларида улкан ютуқлар тилади.

     – Мени шу азиз маҳалладошларим юртга танитди, – дейди  Адолат Раҳматова. – Юртимиздаги биз аёлларга кўрсатилаётган  эҳтиром, камтарона меҳнатларимизга берилаётган олий мукофотлар бизнинг зиммамизга жуда катта масъулиятни юклайди. Қувончимнинг чеки йўқ, байрам ароафасида   оиламизда қўшалоқ тантана бўлди, “Река -Мед -Фарм” дори-дармон қўшма корхонасида оператор бўлиб ишловчи ўғлим Эргаш Қорабеков “Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан таъсис этилган кўкрак нишони”  билан тақдирланди.

   Ҳа, бу оилага ҳавас қилса арзийди. Эру-хотин қўш қанот бўлиб, икки нафар фарзандни элга қўшдилар, Келин  Қорабекова Мунаввар, қизлари Атаева Умидахонлар “Река- Мед- Фарм” дори- дармон қўшма корхонасида  ишлашади. Куёвлари шафёр. Набиралар мактабда аъло ўқишади.

  Адолат Раҳматова Сирдарё туманидаги “Бунёдкор” маҳалласи диний маърифат ва ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчиси. Опа нафақага чиққунига қадар Олмазор сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги 3-умумтаълим мактабида ёшларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан сабоқ берди. Нафақага чиққач, уни мазкур маҳаллага мана шу лавозимга таклиф қилишганида  ҳеч иккиланмай рози бўлди. Бир томони уйда бекор ўтиришни ўзига эп кўрмаган бўлса, бир томондан Адолат опа ҳудуддаги ҳар бир оилани, уларнинг фарзандларини яхши билиши  уни ўзи учун қадрдон бўлиб қолган кишилар орасида бўлишга чорлади.

  Адолат опа маҳаллада истиқомат қилувчи оилалар фарзандларига унинг ўзи сабоқ берган. Барчасининг ҳаёт тарзи, қувончу ташвишларидан яхши хабардор. Шундай бўлсада у иш бошлаган дастлабки кунларданоқ маҳалла фаоллари билан ҳар бир оиланинг ҳол- аҳволини  янаям яхшироқ билишни, ташвишларидан хабардор бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Адолат опанинг  маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчиси  бўлиб ишлаётганига ҳам ўн йилдан ошибди. Опа иш бошлаган дастлабки кунданоқ ҳудуддаги муаммоларни дафтарига қайд этиб қўйиб, йўл – йўлакай уларни бартараф этиш чораларини кўришни канда қилмайди. Маҳалладошларининг яхши ёмон кунларида, айниқса мусибатли дақиқаларда уларга елкадош бўлади. Ўзининг панду – насиҳатлари, ўгит ва маслаҳатлари, амалий  ёрдами билан  мададкор бўлишга интилади.

 Аёллар, ёшлар ўртасида учрашув, тадбирлар ўтказишни канда қилмайди.  Туман ички ишлар, халқ маорифи, соғлиқни сақлаш бўлимлари ходимлари, бир қатор жамоат  ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар ўз ижобий самарасини бермай қолмаяпти. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг йиллик режасида маънавий-маърифий йўналишдаги тадбирларга кенг ўрин берилган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида  мазкур маҳалла томонидан ҳам бу борада қатор ишлар амалга оширилди.     Уларда маҳалла аҳли, ёшлар, корхона ва ташкилотлар вакиллари фаол қатнашди. Ҳуқуқ тартибот идоралари, нуроний отахон ва онахонлар, ибратли оила вакиллари иштирокида ташкиллаштирилаётган  “Маънавиятимизга таҳдид – келажагимизга таҳдид”,  “Ёшларни ёт ғоялардан асрайлик”, “Диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш барчанинг бурчи”, “Одам савдоси – олам ғавғоси”, “Оммавий маданиятнинг ёшларга таъсири” мавзуларида учрашувлар, давра суҳбатларининг ҳудуд аҳолисининг ҳуқуқий ва маънавий саводхонлигини юксалтиришдаги аҳамияти беқиёс бўлмоқда. Бир сўз билан айтганда халқимизнинг эзгу анъаналарини тарғиб қилиш, аҳоли, айниқса, ёшлар қалбида миллий, умуминсоний қадриятларни тарғиб этиш доимо эътиборда. Шунингдек, ўрта-махсус касб-ҳунар коллежларини битирмаган ёшларнинг турмуш қуришига йўл қўймаслик борасида ҳам тушунтириш ишлари олиб бориляпти.  Яна бир муҳим жиҳатлардан бири ким ёрдам сўраб келса муаммосининг ечимини топишига бамаслаҳат ёрдам қилинади. Адолат опа  ана шу меҳнатлари, саъйи ҳаракатлари туфайли маҳалладошлари меҳрини қозонди.     ,

  Маҳаллада 3267 нафар аҳоли 634 та хонадон,858 оила истиқомат қилади. Аҳолининг асосий қисми ҳудуддаги “Темур-мед фарм”, “Река -мед – фарм” дори – дармон, “Сабе” музқаймоқ ишлаб чиқариш, мева маҳсулотларини қайта ишлаш каби ўнга яқин корхоналарда меҳнат қилишади. Аҳолининг 1356 нафарини ёшжар ташкил этади. Бу йил коллеж ва академик лицейларни битирган 43 нафар йигит-қизларнинг кўпчилиги ишга, айримлари ўқишга жойлашди.  Ёшларнинг бир қисми маҳалладаги ўндан зиёд сервис хизмати кўрсатиш кичик корхонасида доимий иш билан банд. Тўйлар, маросимларнинг  маҳалла ҳудудида қурилган 800 ўринли муҳташам “Дўстлик” кошонасида ортиқча дабдабасиз, чиройли, замонавий, камчиқим қилиб ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилган.

   – Маҳалламиз обод, турмушимиз фаровон, қўни – қўшнилар бир – бирови билан аҳил, – дея суҳбатни давом эттиради Адолат Раҳматова.- Аҳолимизнинг узлуксиз газ, электр, тоза ичимлик суви таъминотида муаммо йўқ. Маҳалламизда ишсиз одамнинг ўзи йўқ. Томорқадан барча бирдек  оқилона фойдаланади.Баъзи уй бекалари чеварлик қилишади, 15 нафар чевар бор. Хуллас ижтимоий ҳимояга муҳтожлар йўқ десам, баъзилар ҳайрон қолишади. Айрим боқувчисини йўқотган, уйида бемори борларнинг, кексаларнинг ҳолидан фаолларимиз билан биргаликда тез-тез хабар олиб турамиз.     Кўчалар асфальтланган. Хонадонларимиз саришта. Қайси хонадонга кирманг оила аъзолари бир парча ерни ҳам гулдай қилиб яшнатиб қўйган. Қабристонни тозалаш, обод қилиш ишларига алоҳида аҳамият қаратилган. Марҳумлар ҳурматини жойига қўйиш йўлида қилинадиган ҳашарлардан ҳеч ким четда турмайди, тадбиркорлар моддий ёрдамларини аяшмайди.

   Мазкур маҳалла аҳли эришаётган ютуқлар  ҳар жабҳада намоён . Маҳалла туман миқёсида ўтказилган “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” кўрик-танловида иштирок этиб ғолиб бўлган. Кўрик-танловнинг вилоят  босқичида биринчи ўринни, республика босқичида эса тўртинчи ўринга сазовор бўлишди. Бу муваффақиятга эришишда Адолат опанинг ҳам алоҳида ҳиссаси бор.

  Муҳими, маҳаллада 2012-2016 йил оралиғида бирорта она ва бола ўлими, ажримлар, вояга етмаганлар ўртасида эрта турмуш қуриш ҳоллари қайд этилмади. Ҳудудда ишсизлик мақомидагилар ҳам йўқ.

   -Адолатхоннинг саъйи ҳаракати билан  баъзи оилаларда ажримларнинг олди олинди ,- дейди “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, иккинчи даражали  “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Дилором Жалилова. –  Оилада эр-хотин ёки қайнона ўртасида келишмовчилик юзага келганда бир томоннинг сукут сақлаши муаммони бартараф этади. Адолат опа бу борада жуда сезгирлик, ўта зукколик билан фаолият юритади. Бир оилада нотинчлик бўлганини сезиб қолса шундай бир тадбиркорона иш юритадики, бу оилада албатта хотиржамлик қарор топади.  .

  -Ажралиш арафасида турган оилани муросага келтиришнинг савоби катта. Иморатни бузиш осон. Бироқ уни қайта тиклаш учун қанчадан – қанча заҳмат чекилади. Оила ҳам мисоли бир иморат. Ота-боболаримиз, момоларимиз оиласининг хотиржамлиги, болаларининг келажаги учун ҳар нарсага тайёр бўлишган. Улар асрлар давомида асраб келган қадриятларни, қўрғонни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ-, деб ҳисоблайди Адолат опа.

  Дунёдаги энг ноёб туйғулардан бири бу қадрдир. Адолат Раҳматованинг кўп йиллик хизматларининг муносиб баҳоланиши унга янада куч ғайрат бағишлади,  маҳалладошлари билан баҳамжиҳатликда яна жуда кўп хайрли ишларни амалга оширишни режалаштирди.

  Ёшларни садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларига  салмоқли ҳисса қўшаётган, маҳалла ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида    ҳормай -толмай меҳнат қилаётган Адолат опани юксак мукофот билан биз ҳам муштарийлар номидан чин юракдан қутлаймиз.

Дилором ИСМАДИЁРОВА.

Print Friendly, PDF & Email