Click to listen highlighted text!

МУСТАҚИЛЛИКНИНГ 25 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНДИ

Вилоят касаба уюшмаларининг ташаббуси билан вилоят ҳудудида фаолият юритаётган барча меҳнат жамоаларида энг улуғ ва энг азиз байрамимиз арафасида “Мустақиллигимизга 25 йил: Ким эдигу ким бўлдик?” мавзусида маънавият соатлари ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Мирзаобод туманида жойлашган Н-ҳарбий қисмида бўлиб ўтди. Тадбирни ҳарбий қисм командирининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича  ўринбосари капитан Баҳрулло Тўраев очди ва олиб борди. Тадбирда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими етакчи мутахассиси Зебо Ҳайдарова сўзга чиқиб, жаҳонда рўй бераётган воқеалар, Яқин Шарқ мамлакатларида, Афғонистонда  кетаётган биродаркушлик уруши ҳақида гапириб, бугун бизнинг юртимизда тинчлик ва фаровонлик ҳукм сураётганлиги учун шукроналар қилишимиз, ҳар биримиз эл тинчлигига ўз ҳиссамизни қўшишимиз кераклиги ҳақида гапирди. Шу билан бирга ўтган асрнинг 70-80 йилларида мактабда ўқиган пайтларидаги ўқувчилик ҳаёти билан ҳозирги ўқувчилар ҳаёти, яратилган замонавий шароитлар, техникалар ҳақида сўзлар экан, Ўзбекистонимизда дунёдаги энг бахтли болалар яшаётганлигини таъкидлади.

Сўз олган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Олим Хўжаев номли вилоят мусиқали драма театри актери Адҳам Абдуллаевнинг чиқишлари  тадбир иштирокчиларининг гулдурос қарсакларига сабаб бўлди. А. Абдуллаев театр тарихи ҳақида, театр жамоаси босиб ўтган йўл, илгариги шароитлар билан ҳозиргисини таққослади. Спектаклларда парчалар ўқиб берди. Айниқса, шоира Мунаввара Усманованинг қаламига мансуб “Қалдирғоч” шеъри актёр ижросида янграганида, иштирокчилар кўзларида юрт фахри-ғурури акс этди.

Тадбирни якунлаган Б.Тўраев меҳмонларга мазмунли суҳбат учун ҳарбий қисм номидан миннатдорчилик билдириб, бундай учрашувлар нафақат ҳарбий қисмда хизмат қилаётган ҳарбийлар, балки ҳарбий қисмда меҳнат қилаётган меҳнат жамоаси учун ҳам катта аҳамиятга эга эканлиги ҳақида алоҳида айтиб ўтди.

Шунингдек, тадбирда ҳарбий қисм бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси Шуҳрат Қорақулов сўзга чиқди ва маърузачиларга жамоа номидан ташаккур айтди.

 

ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!