Click to listen highlighted text!

КАСАБА УЮШМАСИ: СУЯНЧИҚ ВА ҒАМХЎР

Туман мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаётганимга 38 йил тўлди. Касаба уюшмаси аъзоси бўлганимга ҳам шунча муддат ўтди. Ўтган вақт давомида касаба уюшмасининг кўмаги ва эътиборини жамоадошларим билан сезиб келганмиз. Айниқса, яқинда мен билан юз берган чигал вазиятда касаба уюшмасининг ғамхўрлиги ва чинакам ҳимоясини сездим.
Гап шундаки, соғлиғим ёмонлашди ва бу меҳнат фаолиятимга таъсир қилди. Текширувлардан сўнг шифокорлар овоз бойламларимда зўриқиш, сурункали ларингит ташхисини қўйишди. Шунингдек, касбга оид меҳнат қобилиятимнинг 20 фоизи йўқотилганлиги аниқланди. Бу касб касаллиги ҳисобланиши, зарар ва товон пули олишим мумкинлиги меҳнат қонунчилигимизда белгиланганлиги тушунтирилди.
Ана шунда танишлар, ҳамкасбларим орасида бу ишни охирига етиш қийинлиги, сан-салорлик бўлишини айтиб қонуний ҳақларимдан воз кечишга ундашди. Таваккал қилиб, вилоят касаба уюшмалари Кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлимига мурожаат қилдим. Мени у ерда бўлим етакчи мутахассиси Бердимурод Абдуллаев кутиб олди. Қўлимдаги бор-йўқ ҳужжатлар- касаллик ташхиси, иш ҳақлари ҳисобини қўлларига тутдим.
Менга иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасига мувофиқ “Кафолат” суғурта компанияси зарар ва товон пулларини тўлаб беришини тушунтиришди. Охирги 12 ойдаги ўртача иш ҳақларимга асосланиб 37 миллон 260 минг 612 сўм миқдорида бир йўла нафақа олишим, бунга қўшимча равишда 621 минг сўм миқдорида ойма-ой зарар товони тўланиши ҳисобланди. Шундай қилиб, 2041 йилгача бўлган муддатда қарийб 176 миллион сўм ҳақлар суғурта томонидан ундириладиган бўлди.
Суғурта компаниясига мурожаат қилишимда ҳам менга ҳамроҳлик қилишди, барча ҳуқуқларим билан таништиришди. Ўз ҳуқуқларимни шу даражада ўзлаштирдимки, энди мен қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдори оширилган тақдирда етказилган зарарни тўлаш суммаси ҳам унга мутаносиб равишда қайта ҳисоблаб чиқилишини биламан.
Аввало, мамлакатимиз қонунлари инсон манфаатларига хизмат қилишини чуқурроқ тушундим. Қолаверса, касаба уюшмаси ташкилотининг меҳнаткашларнинг ҳақиқий суянчиғи, ғамхўри эканлиги гувоҳи бўлдим. Жонкуярлиги шу даражадаки, товон пуллари ҳисобимга туширилишини ҳам назорат қилиб суриштириб туришди. Мен аниқ айтаманки, уларнинг тиргагисиз масаланинг ечимига етолмаган, ёки қўл силтаб кетган бўлардим. Ахир “Зараримни қоплайман деб қолган соғлиғингни ҳам йўқотасан” деб масаланинг тугунини катта қилганлар кўп учради-да.
Фаолияти фойдали иш бўлган соҳа эгаларига ҳавас қилдим. Уларга ташаккурим ва миннатдорчилигимни билдираман.


Иззатой ЮСУПОВА,
Сайхунобод тумани,
28-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!