УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ
Соҳибқирон бобомиз Амир Темур кичик ўғли Шоҳруҳ Мирзога атрофига улуғ, нуроний, аҳли илмлардан бўлган инсонларни кўпроқ йиғиб суҳбатлашишни, уларнинг насиҳатлари билан иш тутишни одат қилишини уқтиради. Дарҳақиқат, ҳаётнинг баланд-пастини, аччиқ-чучугини кўрган кексаларнинг ҳар бири ўзи дорилфунун, бир ҳикмат. Уларнинг тажрибасига, йўл-йўриғига суянган одам қоқилмайди. “Уч авлод” учрашувларида ёшлар ана шундай кўпни кўрган инсонлар билан мулоқотда бўлиб, ўгит ва насиҳатларига қулоқ тутишмоқда, ҳаётий тажрибаларидан ибрат олишмоқда.
Шундай учрашувлардан бири ЎКУФ Сирдарё вилояти Кенгашида ташкил этилди.
-Бугунги дориломон кунларга қанча шукроналар айтсак, шунча кам,- деди Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Сирдарё вилоят бўлими Кенгаши раиси Ўтбосар Абдиев,- Бунга ўз-ўзидан эришилган эмас.Энди бу ҳаётнинг қадрига етиб, ёшлар юрт равнақи учун фидойи бўлишлари керак. Биз нуронийлар ёшлар муаммоларини ҳал қилишда, ишсизликка барҳам беришда, оилалардаги ажримларнинг олдини олишда яна ҳам фаоллашамиз.
Учрашув чоғида сўзга чиққан ЎКУФ Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов, фахрийлардан Гулистон Давлат Университети профессори Равшан Маҳмудовлар ҳам ёшларни тафаккур қилишга, юрт истиқболи учун масъулиятли бўлишга ундашди.
-Мен касаба уюшмалари стипендиатиман,-деди ёшлар номидан сўз олган Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали талабаси Шаҳобиддин Норқулов,- билим олишимиз, касб эгаллашимиз учун барча шароитлар яратиб берилган юрт фарзандимиз. Шу ғамхўрликларга албатта муносиб жавоб қайтарамиз.
Мулоқот давомида бундай учрашувлар барчага шижоат бағишлаши, ёшларга кўп нарса бериши аён бўлди.
Хайрулла Аминов,
ЎКУФ Сирдарё вилоят Кенгаши маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири