“СОВОТОБОД”ДАГИ ОБОДЛИК
Насиба Ҳотамова келини Зуҳра билан “Аёллар дафтари”нинг ишсиз хотин-қизлар рўйхатига киритилганди. Кўп ўтмай улар даромадли ишга қўл урдилар, ишли бўлдилар. Иккисига чорвачилик билан шуғулланишлари учун имтиёзли кредит ажратилди.Қисқа вақт ичида пластик карталарига тушириб берилган 20 миллион сўмга бозорнинг олди молларидан сотиб олишди. Эндиликда бу хонадонда кунига 5 та соғин сигирдан 50 литрдан сут соғиб олинаётир. Уни қайта ишлаш натижасида қаймоқ, сарёғ, сузма олиб бозорга чиқаришмоқда. Кунлик даромад 250-300 минг сўмни ташкил этмоқда.
-Авваллари бундай афзалликлар қайда эди,-дейди Насиба Ҳотамова,-имтиёзли кредит 4 йилга берилаяпти. Уни олишда ҳеч қандай муаммо бўлмади.Икки келиним билан уч киши ишли бўлдик. Меҳнат қилиб, даромад оламан, деганга шароитлар етарли.
Боёвут туманининг Совотобод маҳалласидаги 1004 нафар хотин-қизлардан 89 нафари турли тоифалар бўйича “Аёллар дафтари”га киритилган. Улардан 6 нафари Боёвут шаҳарчасида жойлашган “Боёвут Котон” текстил фабрикасига, 34 нафари “Агро Глобал” корхонасига доимий ишларга жойлаштирилган. 8 нафар аёлларга чорвачилик ва пазандачилик йўналишлари учун имтиёзли кредитлар берилди ва улар ўзларини иш билан банд этдилар. Айрим аёллар Гулистон шаҳридаги мономарказда ўқитилиб, касб-ҳунарларга эга бўлдилар.
Боқувчисини йўқотган аёллар, қарамоғида ногирон фарзанди бўлганлар, ёлғиз, уй-жойи таъмирга муҳтож опа-сингилларнинг бирортаси эътибордан четда қолаётгани йўқ. Маҳалла хотин- қизлар фаоли Малоҳат Қаландарова уларнинг ҳар бирини яқиндан билади, аёллар муаммосини ўзиники, деб қабул қилади. Маҳалла “еттилиги”нинг ҳамжиҳатликдаги фаолиятлари туфайли ишсизлар камайиб,ҳар бир хонадон яратилган имкониятлардан кенг фойдаланадиган бўлган.
“Аёллар дафтари” бўйича вилоятга бириктирилган ишчи гуруҳи рахбари, Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси раиси ўринбосари Баҳодир Султонов , ЎКУФ Сирдарё вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Хамиджонов, Кенгашнинг ташкилий ишлар бўлими мудири Бахтиёр Ҳайдаров, бўлим мутахассиси Мавлон Жулановлар кўрсатилаётган ёрдамларни ўрганиш мақсадида маҳаллада бўлиб, олиб борилаётган ибратли ишларни алоҳида таъкидладилар ҳамда маҳалладаги муаммолар ечими юзасидан ўз таклифларини беришди.
Беш йилдан бери “Аёллар дафтари”да турган Нигора Назарова такрор-такрор миннатдорчилик билдиришдан чарчамайди. Ҳар йили моддий ёрдам пуллари олаётганлигини, ногирон фарзандига қаратилаётган эътиборни, ғамхўрликни тилдан қўймайди. Уйда ўтириб даромад топиши учун 10 миллион сўмлик субсидия асосида тикув ҳамда оверлок машиналари берилиши аёлнинг кўнглини тоғдек кўтарди. Энди у фарзанди парвариши баробарида иш билан машғул бўлиб оиласига даромад ҳам олиб кираяпти.
“Совотобод” маҳалласида уй-жойга муҳтож аёллар йўқ. Ким билан гаплашманг тилида шукроналик, дилида розилик. Шундан бўлса керак бу қишлоқ файзли, тароватли.
Баҳор Холбекова