БОЛАЛАР МЕҲНАТИ ВА МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ
Сирдарё вилоятида бу йил 77500 гектар ерга пахта экилган. Далаларда ҳосил чўғи баланд. Эндиликда ҳамма эътибор ана шу хомашёни йиғиб-териб олишга қаратилган. Эрта индин йиғим-терим ишлари бошлаб юборилади. Вилоятга бошқа жойлардан 4538 нафар ҳашарчилар келиши кутилаяпти. Уларни ҳамда барча теримчиларни жойлаштириш, меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, иш ҳақларини вақтида тўлаш, иш берувчи билан ишчи ўртасида мавсумий иш учун қисқа муддатли шартномалар тузилишига эришиш, бир сўз билан айтганда терим мавсумини кўнгилдагидай ташкил этиш зарур. Шу муносабат билан ЎКУФ вилоят Кенгашида “ Мавсумда теримчилар учун шарт-шароитлар яратиб берилиши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик хамда Гендер тенглик борасида касаба уюшмаларининг асосий вазифалари” мавзусида ўқув-семинари ташкил этилди. Семинар ишини касаба уюшмалари вилоят Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов бошқариб борди.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдураҳим Умаров, вилоят савдо саноат палатаси бошқармаси раиси ўринбосари Бобоқул Бойбўсинов, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Аброр Хидиров, туманлар қишлоқ хўжалиги бўлими мудирлари, туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассислари, йирик фермер хўжаликлари бошлиқлари, 9 та пахта тўқимачилик кластерлари раҳбарлари, “Индорама агро” ХИИК МЧЖнинг Оқолтин тумани бўлими бошлиғи Шерзод Алибоев ва Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасининг туман , шаҳар Кенгашлари раислари ва ҳисобчилари иштирок этган семинарда “2024 йилги пахта йиғим-терими мавсумида асосан теримчилар билан меҳнат муносабатларининг йўлга қўйилиши, улар учун муносиб яшаш ва меҳнат шароитлари яратиб берилиши ҳамда иш ҳақининг ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши, шунингдек болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик” масалаларида фикр юритилди. Шу билан биргаликда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш, гендер тенглик борасида амалга ошириладиган тадбирлар тўғрисида ҳам келишиб олинди.
– Биз йиғим-теримда асосан юқори унумли техникалардан фойдаланамиз,-деди семинар иштирокчиси, Боёвут тумани технокластери раҳбари ўринбосари Ҳасан Латипов,- Техникаларимиз шай. Кўрикдан тўла ўтказилган. Қўл теримидан кам фойдалансакда теримчилар учун ҳамма шароитларни яратиб қўйдик. Ўтган йили 6 минг тонна пахта ҳосили олган бўлсак бу йилги мўлжалимиз уни икки бараварга кўпайтириш.
Семинар иштирокчиларига меҳнаткашларнинг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилишда жамоа шартномасининг роли, Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенсиялари ва миллий меҳнат стандартлари ҳақида ҳам тушунчалар бериб ўтилди.
Семинарда Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Тўхта Бозоров иштирок этиб, кун тартибидаги масала бўйича батафсил маъруза қилди ва тегишли кўрсатмалар ва тавсиялар берди.
Баҳор Холбекова