Click to listen highlighted text!

ТОҒЛАР БАҒРИДАГИ 12 КУН

Бу йил болалар учун ўзига хос йил бўлди. Ўзбекистон Президентининг “Болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам оладиган болалар қамровини кенгайтиришга қаратилган чора -тадбирлар” тўғрисидаги қарорига асосан йўлланмалар тўловининг тенг ярми Болаларнинг дам олиши ва согломлаштирилишини ташкил этиш Департаментининг махсус жамғармаси томонидан қоплаб берилиши белгиланди. Ушбу имтиёзлар сабаб оромгоҳга бўлган талаб камрови ошди.
Биргина “Зомин” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг ўзи ёз давомида гавжум бўлди. Дам олиш учун борган ўғил-қизлар яратилган шароитлар сабаб вақтларини мазмунли ўтказишди, чиниқишди. Айни пайтда бу ердаги болалар ёзнинг сўнгги кунларини соз ўтказмоқдалар. Улар Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштиришини ташкил этиш Департаменти томонидан ишлаб чиқилган 12 кунлик намунавий дастур бўйича бир- биридан қизиқарли тадбирларда иштирок этишмоқда. Дастурга асосан Сирдарё вилояти маданият бошқармаси, Миллий гвардия, “Баркамол авлод”, “Заковат”НТТ, Фавқулодда Вазиятлар бошқармаси ва бошқа қатор ташкилотлар турли тадбирларни ташкил қилиб беришмоқда. Мавсумдан олдин махсус ўқув семинарларида малакасини оширган тарбиячилар бу ерда ёзнинг завқли ўтишини таъминлашмоқда. Дам олувчи болалар билан суҳбатда бўлсангиз бири “Туризм куни” ҳақида берилиб ҳикоя қилса бошқаси “Моҳир қўллар” куни таасуротларини ўртоқлашади. Яна кимдир “Ҳарбий ватанпарварлик куни” ҳақидаги ҳикояларини тугата олмайди.
Оромгоҳда тартиб, интизомга қатьий риоя қилинади.Эрталабки бадантарбия болаларни тетиклаштирса, 300 ўринли ошхонада моҳир ошпазлар томонидан тайёрланган тўйимли нонушта уларнинг вужудига қувват бўлиб киради. Бу ерда дам олувчилар учун кунига беш маҳал таомлар тайёрланади. Ҳар ким ўзи қизиққан турли тўгаракларга қатнашади. Ўзаро беллашувлар, кечки дастурдаги қизиқарли тадбирлар дам олувчиларга завқ бағишлайди.
“Ёз-ўтмоқда соз” мавзусида мамлакатимиз оромгоҳлари ўртасида видеороликлар кўриги ташкил этилганди. Бу танловда “Зомин” дам олиш масканидаги болалар ҳам фаол иштирокчи бўлдилар. Абдулазиз Илҳомовнинг “Талант шоу” танловида биринчи ўринни олиб, қимматбаҳо совғаларга эга бўлгани ҳам кўпчилик тенгдошларининг ҳавасини келтирди.
-“Зомин” оромгоҳининг ўзида бу йилги мавсумда бир ярим минг ўғил-қизларимиз дам олиб, саломатликларини мустаҳкамладилар,-дейди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Ботир Усмонов,- Уларнинг ота-оналари яратилган шароитлар, берилаётган имтиёзлардан мамнун.Фарзандларининг яна ҳам тартибли, интизомли бўлиб қайтганларини, бунда оромгоҳда хизмат қилган барча педагог ходимларнинг катта ҳиссалари борлигини қайта-қайта тилга олмоқдалар.
Оромгоҳда айни пайтда 5- навбатда борган болалар мазза қилиб дам олиб, кунларини мазмунли ўтказмоқдалар. Атрофи тоғлар билан ўралган, қир-адирлари ястаниб ётган, арчалар ҳидига тўйинга соф ҳаволи “Зомин”даги 12 кунлик ҳордиқ таасуротлари эса йилга татигулик.
Баҳор Холбекова

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!