БАДМИНТОН- ЧАҚҚОНЛАР ЎЙИНИ
Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт саройи бадминтонга қизиқувчи ишқибозлар билан гавжум бўлди. Бу ерда вилоят касаба уюшма тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасалар ишчи-ходимлари ўртасида жуда шиддатли, кескин ва тез ўтувчи спорт тури- бадминтон бўйича мусобақа ташкил этилди. Беллашув қуръа ташлаш маросими билан бошланди.
– Қизим Муслима Султонқулова спортнинг бу тури бўйича бир неча карра Ўзбекистон чемпиони,-дейди мусобақа иштирокчиси, Гулистон олимпия ва паролимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамшираси Шахноза Абдушукурова,- оилавий спортни яхши кўрамиз. Айниқса, бадминтоннинг инсон саломатлигига фойдалари жуда катта. У кўз нурини оширади, мияни чархлайди ва юрак ишини яхшилайди.
Қизғин баҳслардан сўнг ғолиблар маълум бўлди. Эркаклар ўртасида кечган беллашувларда Ховос туманидаги 2- спорт мактаби услубчиси Жавоҳир Қаюмов 1-ўринни, Гулистон туманидаги 30-мактаб ўқитувчиси Обид Донабоев 2-ўринни, Гулистон шаҳридаги 12-мактаб ўқитувчиси Зокиржон Маъмуров эса 3-ўринни олди.
Аёллар ўртасидаги мусобақа айниқса қизиқарли бўлди. Ўйиннинг финал босқичида икки кучли спортчи- Гулистон шаҳридаги вилоят спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактаби тренери Нигора Зияева билан Гулистон шаҳридаги 3-мактаб жисмоний тарбия ўқитувчиси Нодира Асадовалар ўз моҳирликлари билан томошабинларга завқу шавқ улашдилар.
Бадминтон жону дилим,-дейди Нодира Асадова,- Кейинги пайтларда камроқ шуғуллангандим, рақибим жуда кучли эди. Аммо, омад менга кулиб боқди.
Натижага кўра шоҳсупадаги 1-ўринни Нодира Асадова, 2-ўринни Нигора Зияева ва 3-ўринни Шаҳноза Абдушукуровалар эгалладилар.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларни спортнинг оммавий турларига, хусусан бадминтон турига кенг жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, турли касб касалликларидан спорт ва соғлом турмуш тарзи орқали муҳофаза қилиш мақсадида ташкил этилган мусобақа ниҳоясида ғолиблар касаба уюшмалари вилоят Кенгашининг диплом ва совғалари билан тақдирландилар.
Абдували Яқубов,
ЎКУФ тасарруфидаги жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари бошқармасининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси