ИШ СУДГАЧА БОРМАДИ
Ўтган йили ёзда корхонага тегишли автотраспортда йўл четидаги дарахтларга шакл бериб бораётган ишчилар қаттиқ зарбадан ўзларини йўқотаёздилар. Машина эҳтиётсизлик туфайли дарахтга бориб урилганди.
Гулистон туман ободонлаштириш бошқармаси ишчилари Миржалол Хатамовнинг елкаси синди, Ўрол Сулаймонов ҳам жиддий жароҳат олди. Даволанишларига қарамай, меҳнатга лаёқатларини анчайин йўқотган ходимлар иш вақтида соғлиғига етказилган зиён учун иш берувчи моддий жавобгар эканлигини билишарди. Бироқ, зарар пулларини ундира олишларига кўзлари етмади. “Суғуртадан пул ололмайсизлар” дейишди айримлар.
Ишончлари сўнган ходимлар ЎКУФ Сирдарё вилоят кенгашига оғзаки мурожаат қилиб кўришга қарор қилишди. Орадан вақт ўтди. Кунларнинг бирида ҳар иккисининг пластик ҳамёнларига каттагина миқдордаги маблағ тушди. Шунда улар касаба уюшма кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати етакчи мутахассиси Бердимурод Абдуллаев карта ҳисоб рақамини сўраганини эсладилар.
Ходимлар манфаати йўлида елиб-югурган етакчи мутахассис “Ўзбекинвест” суғурта компаниясига тегишли ҳужжатларни мукаммал равишда топширганди. Натижада шу йилнинг 6 февраль куни Миржалол Хатамовга 36 550 665 сўм, Ўрол Сулаймоновга 28 617 487 сўм ундириб берилди. Б.Абдуллаевнинг ҳужжатлар устида пухта ишлагани сабаб, иш судгача бормасдан ҳал бўлди.
Баҳор Холбекова