Click to listen highlighted text!

КАСАБА УЮШМАЛАРИНИНГ 120 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН БАЙРАМ ТАДБИРИДА ЁШЛАРНИНГ ФАОЛ ИШТИРОКИ

Бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан ёшларнинг фаол иштирокида муҳим тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбир ёшларнинг ташаббуси ва меҳнати билан ташкил этилиб, уларнинг жамоавий ҳамкорлиги ва фидойилиги яққол намоён бўлди.Тадбир давомида турли маданий ва илмий фаолиятлар ташкил қилиниб, иштирокчилар ўз билим ва маҳоратларини намойиш этишди. Айниқса, ёшлар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари ва тақдимотлар барчага манзур бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу тадбир ёшларнинг ўз иқтидор ва қобилиятларини намоён этиш, жамоа бўлиб ишлаш ва ўзаро тажриба алмашишлари учун катта имконият яратди. Тадбирни муваффақиятли ўтказишда ёшларнинг саъй-ҳаракатлари ва фидойилиги муҳим ўрин тутди. Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси (УКУФ) Сирдарё вилояти Кенгаши ходимлари, фаоллари, фахрийлари ва зиёлилар жам бўлдилар. Дастлаб Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Сўнгра шоира ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи музейни кўздан кечиришди.Ижод мактаби ўқувчиларининг жадид боболаримиз ҳақидаги ҳикоялари барчага манзур бўлди. Анжуманлар залида бўлиб ўтган маданий-маърифий тадбирда УКУФ вилоят Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов касаба уюшмалари ҳаракати тарихи ва фаолияти ҳақида гапириб, Ҳалима Худойбердиева ҳаёти ва ижодининг маънавиятимизни юксалтиришдаги аҳамиятига батафсил тўхталди.

Тадбирга “Навбаҳор” рақс ансамбли ўзининг ажойиб чиқишлари билан алоҳида файз бағишлади. Тадбир давомида ёшлар томонидан доира чалинган куйлар, дуторчилик санъати ва рақслар ижро этилиб, барчага байрамона кайфият улашди. Айниқса, ёшлар томонидан Ҳалима Худойбердиеванинг ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумот берилиши, унинг ижодий мероси туширилган китоблар ва қўлёзмалар намойиш этилиши тадбирга алоҳида мазмун бағишлади. Тадбир иштирокчилари шоиранинг асарлари, шеърлари ва адабий мероси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.
Бундан ташқари, ёш ижодкорлар томонидан Ҳалима Худойбердиеванинг машҳур шеърларидан парчалар ёд олинди ва бадиий чиқишлар намойиш этилди. Бу эса тадбир иштирокчиларининг маънавий оламини бойитиш билан бирга, уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантиришга ҳам хизмат қилди.

Тадбир якунида фаол иштирок этган ёшлар ва ташкилотчилар касаба уюшмалари томонидан эсдалик совғалари ва сертификатлар билан тақдирланди. Шунингдек, Ижод мактабининг иқтидорли 20 нафар ўқувчиси касаба уюшмаси томонидан Самарқанд шаҳрига саёҳатга юбориладиган бўлди. Бу ташаббус ёшларнинг тарихий-маданий меросимиз билан яқиндан танишишига, уларнинг билим ва маънавиятини янада бойитишига хизмат қилади, мактабнинг фаол ўқитувчи ва ўқувчиларидан бир гуруҳи Кенгашнинг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. Ижод мактаби директори, сенатор Покиза Аҳмаджонова касаба уюшмаси билан ҳамкорликда бундай тадбирларнинг ўтказилиши ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Шундай тадбирлар ёшлар онгида миллий қадриятлар ва адабиётга бўлган қизиқишни ошириб, уларни маънавий ва ижодий ривожланишига кенг имконият яратади.

Касаба уюшмалари стипендияти
301-24 АБ гуруҳ талабаси Диёра Қаландарова

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!