СИРДАРЁДА ҲУДУДИЙ СЕМИНАР
27 март куни ЎКУФ Сирдарё вилояти Кенгаши анжуманлар залида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Халқаро меҳнат ташкилоти, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари вакиллари иштирокида “Янги тузилган бошланғич ташкилотларда касаба уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш” мавзусида ҳудудий семинар бўлиб ўтди. Уни кириш сўзи билан ЎКУФ вилоят Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов очди. Шундан сўнг Халқаро меҳнат ташкилоти Меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюросининг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкас “Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида касаба уюшмалари фаолияти: ютуқлар ва муаммолар” мавзуида маъруза қилди. Нотиқ ўз сўзида дунё мамлакатларидаги касаба уюшмалари фаолиятига тўхталиб, Ўзбекистонда бу ташкилотнинг мавқеи ошиб бораётганлигини эътироф этди.
ЎКУФ меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Маҳмуджон Исаевнинг “Жамоа шартномаларини тузиш ва бажарилишини таъминлаш бўйича тавсиялари” янги сайланган касаба қўмиталари раислари учун фойдали бўлди. Шунингдек, ЎКУФ меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Гаибназарова ҳам “Меҳнатни муҳофаза қилиш борасида касаба уюшмаларининг жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш масалалари” қанчалик аҳамиятга эга эканлигини мисоллар билан уқтириб ўтди.Семинар иштирокчилари Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Иномжон Шакировдан “Сирдарё вилояти пахта тўқимачилик кластерлари бошланғич касаба уюшма ташкилотларида ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” батафсил маълумотларга эга бўлдилар. “Индорама агро” МЧЖ бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Шерзод Алибоев бу маълумотларни янада бойитди.
Қизғин мунозаралар, савол-жавоблар семинар ишига янада мазмун бағишлади.
![]() |
![]() |
-Муқобиллик асосида илк бор касаба қўмитаси раислигига сайландим,- дейди “Ҳудудгазтаъминот” АЖ “Ҳудудгаз Сирдарё” филиали касаба уюшма қўмитаси раиси Акмал Бобомирзаев,- семинар биз учун ниҳоятда фойдали бўлди. Жуда кўп саволларимга жавоблар олдим, ишни қай йўсинда ташкил этиш йўл-йўриқлари содда тилда тушунтириб берилди. Ўз вақтида мазмунли ташкил этилган бундай семинарлар жуда зарур.