ТАЪЛИМ ЖОНКУЯРЛАРИ УЧУН МАЗМУНЛИ САЁҲАТ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Меҳнаткашларни тарихий шаҳарларга ва ўз ҳудудларидаги диққатга сазовор масканларга саёҳатларини ташкил этиш масаласи ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасаларда қабул қилинган “Жамоа шартнома”ларида ўз аксини топиб келмоқда.
Мазкур ҳужжатга асосан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши иш берувчилар ва касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан меҳнаткашларнинг тарихий шаҳарларга ва ўз ҳудудларидаги диққатга сазовор масканларга саёҳатларини тизимли ташкил этиб келмоқда.
Сирдарё вилоят Кенгашининг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” дастурининг 18-бандига кўра турли соҳа ходимлари учун республикамизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатлар ташкил этилиб, меҳнат жамоаларида ички туризмни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, мамлакатимизда белгиланган турли байрам саналарида минглаб меҳнаткашлар учун қизиқарли турларни ўз ичига олган туристик саёҳатлар ташкил этилмоқда.
Наврўз байрами шукуҳи қизғин давом этаётган бугун ҳам “Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги” байрами олдидан бир гуруҳ Сардобаликлар учун саёҳат ташкиллаштирилди. Тумандаги Политехникум, 6-умумтаълим мактаби ўқитувчилари ва Сардоба туман ободонлаштириш бўлими ишчиларидан иборат гуруҳ тарихий ва навқирон Самарқанд шаҳрига жўнаб кетишди.
Бундай саёҳатлар ишчи-ходимларга олам-олам завқ бағишлаши билан бирга уларда она Ватанга муҳаббат, аждодлар хотирасига ҳурмат ва улар қолдирган тарихий меросни қадрлаш туйғусини янада оширади, – дейди Сардоба Политехникуми директори Гўзал Бердиёрова. Ўқитувчиларимиз бундан беҳад хурсанд. Ҳаттоки ходимларимиз ичида мустақилликнинг дастлабки кунларидан бери Самарқанд шаҳрига бормаганлар ҳам бор.
Вилоят касаба уюшмалари Кенгаши томонидан саёҳат ташкил этилаётгани ҳақида эшитиб тўғриси шундай Ватанда яшаётганимга яна бир марта шукрона келтирдим – дейди Сардоба туманидаги 6-умумтаълим мактаби директори Бойбек Мавлонов. Ўқитувчи ходимларимиз бу хабарни эшитиб, ишонмаганидан мендан бир неча маротаба ростдан ҳам боряпмиз-ми деб қайта-қайта сўраб кетишди. Меҳнат жамоамиз номидан ва шахсан ўзим номимдан касаба уюшмаларининг барча ташкилотчиларига раҳматлар айтаман.
Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими