Click to listen highlighted text!

НАВРЎЗ АРАФАСИДА САЁҲАТ

            Сўнгги икки йилда байрам саналарини нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунлар белгиланиши, дам олиш кунларининг кўчирилиши натижасида саёҳатлар уюштирилиб туризм манзил ва миқдори кенгайиб бормоқда.
Хусусан, 22 март куни Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг 50 нафар ишчи- ходимлари Қозоғистон Республикаси ҳудудидаги Туркистон шаҳрида жойлашган Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилишди.
– Йўлга чиққанимиздаёқ саёҳат завқи ва таассуроти бошланди. Аждодларимиз барпо этган бетакрор обидалар, буюк шахслар қабрларини зиёрат қилиб, мен ўзимда кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшилганини ҳис этдим. Бизни доимий равишда маънавиятимиз бойишида ҳисса қўшаётган касаба уюшмаларидан миннатдормиз, – дейди бирлашма ходими Шириной Умаралиева.
– Жамоамиз билан юртимизнинг диққатга сазовор гўшаларига кўплаб саёҳатлар уюштириб келмоқдамиз. Бу гал ХII асрда ижод қилган бутун шарқ дунёсига машҳур қадимги туркийзабон шоир, Аҳмад Яссавий мақбараси зиёратига бордик, – дейди бирлашма бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Бахтиёр Ҳайдаров. – Ходимларимизнинг айримлари учун илк хориж сафари бўлди. Чегара пост назорати ходимлари ҳушёрлиги, тун- у кун сарҳадларимиз назоратида бўлиши барчамизни хушнуд этди. Бир кунлик саёҳат давомида серқуёш ватанимизни тинмай эслаб, соғинганлар бўлди. Айниқса, гидлар томонидан мақбарага Соҳибқирон Амир Темурнинг буйруғи билан барпо этилган таърифини беришлари бизни фахрлантириб юборди. Бунёдкор аждодларимиз нафақат ватанимиз тупроғида, балки ер куррасининг кўплаб нуқталарида улуғвор обидалар яралишига бошчилик қилганликлари таҳсинга лойиқ.
Наврўз арафасида ташкил этилган ушбу саёҳат байрамона кайфиятни янада кўтарди. Саёҳатда тизимда меҳнат қилган меҳнат фахрийлари ва пенсия ёшидаги ходимларнинг иштирок этиши касаба уюшмалари томонидан бу тоифадаги ходимларга бўлган алоҳида эътиборнинг яна бир исботидир.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!