«МЕН ДОНОР»: ЯНГИЕРДА ҲАЁТ БАҒИШЛАШГА ҚАРАТИЛГАН ХАЙРЛИ ТАШАББУС
Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиалида инсонпарварлик, бағрикенглик ва фидойилик руҳида «Мен донор» деб номланган хайрия акцияси ташкил этилди. Республика қон қуйиш маркази ва унинг Сирдарё вилоят бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур тадбир ҳаёт учун курашда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Акцияда филиалнинг профессор-ўқитувчилари, техник ходимлари ва талабалари фаол иштирок этиб, донор сифатида қон топшириш орқали эҳтиёжманд беморлар ҳаётини сақлаб қолишга ўз ҳиссаларини қўшдилар. Ушбу хайрли ишни амалга оширишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан кўрсатилган ташкилий ва ахборот-таълимий ёрдам тадбирнинг самарадорлигини янада оширди.
Тадбир доирасида донорликнинг инсон саломатлигига ижобий таъсири, унинг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди. Донорлик нафақат тиббий, балки маънавий жиҳатдан ҳам беқиёс қадрият экани, у инсон ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган олийжаноб амал экани алоҳида таъкидланди.
Бундай тадбирлар ёш авлодни ҳамдардлик, инсонпарварлик ва масъулият туйғуси билан тарбиялашда, шу билан бирга, жамиятда донорлик маданиятини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.