ҲИСОБОТ КОНФЕРЕНЦИЯСИ
28 май куни Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилояти Кенгашининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда кенгаш раиси Шоҳруҳ Шамсиддинов ўтган беш йил мобайнида амалга оширилган ишлар ҳамда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида келгусидаги вазифалар тўғрисида маъруза қилди.
Таъкидланишича, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда фаоллиги норасмий ва ностандарт банд ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда тармоқ касаба уюшмаси ўз ўрнига эга бўлиб бораяпти.Ходимлар учун қулай ва бехатар меҳнат шароитлари яратиб берилиши устидан тизимли жамоатчилик назорати олиб борилиши самарасини бераяпти.
Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида Кенгаш ходимлари, касаба уюшмаси қўмитаси раислари томонидан 220 та корхона, ташкилот, муассасалар фаолияти ўрганилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилган. Ўрганиш жараёнларида 565 та камчиликлар аниқланиб, иш берувчиларга 18 та тақдимномалар киритилган. Касаба уюшмаси аралашуви билан бу камчиликларнинг 560 таси бартараф этилди.
Ходимларнинг ва иш берувчиларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга кўмаклашиш мақсадида 50 га яқин корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 12 мингдан зиёд ходимлар ўртасида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси моҳияти ҳақида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди.
Конференцияда делегатлар 5 йил мобайнида олиб борилган ишлар билан батафсил танишдилар ва муҳокамага қизғин киришдилар. Сўзга чиққанлар ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришиб, фаолиятни қониқарли баҳоладилар.Конференцияда тафтиш комиссиясининг ҳисоботи ҳам тингланди.Сўнгра яширин овоз бериш йўли билан муқобиллик асосида сайлов бўлиб ўтди. Кўпчилик овоз билан амалдаги етакчи Шоҳруҳ Шамсиддинов кенгаш раислигига қайта сайланди.
Анжуманда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Конференция ишида Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг маданий марифий ишлар бўйича бош мутахассиси Нодира Шамсиева иштирок этди.