Click to listen highlighted text!

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – БАХТИЁР БОЛАЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида янгидан қурилиб, жорий йил ёзги соғломлаштириш мавсумида фойдаланишга топширилган “Сирдарё” болалар соғломлаштириш оромгоҳида 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
“Тараққиёт аниқ, аммо қилинадиган ишлар кўп: келинг, саъй-ҳаракатларни тезлаштирайлик!” мавзуида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Иш берувчилар Конфедерацияси, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Байрамона руҳда ўтказилган мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад – аҳолининг, шу жумладан, ёш авлод вакилларининг Ўзбекистонда болалар меҳнатига йўл қўймаслик масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигидан хабардорлик даражасини янада ошириш, шунингдек, худди шу мақсадда олиб борилаётган тизимли саъй-ҳаракатларни кенг жамоатчиликка, шу жумладан, жаҳон ҳамжамиятига етказишдир.

Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилоти ташаббусига кўра ҳар йили 12 июнь куни дунёнинг аксарият мамлакатларида “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни” сифатида нишонланади. Охирги Глобал ҳисоб-китоблар, афсуски, дунё миқёсида 152 миллион ўғил-қиз болалар меҳнатига жалб қилинганлигини кўрсатади. Таъкидлаш жоизки, мустаҳкам ва самарали қонунчилик базаси болалар меҳнатига қарши курашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда бу борада жуда катта кўламдаги ишлар амалга оширилди. Хусусан, Президентимизнинг кучли сиёсий иродаси туфайли сўнгги йилларда мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилди. Бунинг натижасида ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкот бекор қилинди ва дунёнинг энг кўзга кўринган уч юздан ортиқ бренди билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлди.

Мамлакатимизда болалар меҳнатига қарши кураш борасидаги давлат сиёсати Конституция даражасида мустаҳкамланганлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига “Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади” деган қатъий норма киритилди. Бу-Ўзбекистонда ҳар бир боланинг сифатли таълим олиши, орзу-истаклари рўёбга чиқиб, мурод мақсадига етиши учун катта кафолатдир.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузиш, яъни, вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки аҳлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.
“Сирдарё” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ташкил этилган мазкур тадбирда бу каби лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад – аҳолининг, шу жумладан, ўғил-қизларнинг болалар меҳнати ва унинг салбий оқибатлари тўғрисида хабардорлик даражасини янада ошириш, мамлакатимизда болалар меҳнатига йўл қўймаслик борасида олиб борилаётган тизимли ишлардан кенг жамоатчиликни хабардор этиш эканлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни” учун махсус тайёрланган тематик роликлар намойиш этилди. Оромгоҳда дам олаётган болажонлар ўз қизиқишларига биноан рақс, ашула, саҳна кўринишлари, расм чизиш, шахмат, шашка, стол тенниси, ҳунармандчилик бўйича тематик гуруҳларга бўлинган ҳолда, машғулотларда иштирок этдилар.
Болалар учун ташкил этилган расмлар танлови, стол тенниси ва шашка бўйича мусобақалар байрам иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Мазкур танловлар жараёнида ёш истеъдод эгалари ўзларининг бўлажак касбларини қандай тасаввур этишларини ва мамлакатимизда ёш авлод камолоти учун яратилаётган шароитларни намоён этдилар, шунингдек, дунёнинг қайсидир мамлакатида ўқиш имкониятига эга бўлмаган ва меҳнат қилишга мажбур бўлган болажонларга ўз бирдамликларини билдирдилар.
Танлов ва мусобақаларда ғолиб бўлган ўғил-қизлар эсдалик совғалари билан тақдирланди. Тадбир сўнггида оромгоҳда мириқиб ҳордиқ чиқараётган болажонлар Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакати эканлигини идалаган ҳолда, флешмоб ташкил қилдилар.
Бу каби байрамона тадбирлар республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ҳам ўтказилди.

Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари

 

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!