КЕНГ ҚАМРОВЛИ ФАОЛИЯТ САРҲИСОБИ
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилояти ташкилотининг I- Конференцияси бўлиб ўтди.
Вилоятдаги тармоқ вакиллари иштирок этган анжуманда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Алижон Мамарасулов 2020 йил август ойидан 2020 йил июнь ойи мобайнида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.
– Бугунги кунда 576 та бошланғич касаба уюшма ташкилотларида 52688 нафар касаба уюшма аъзолари бирлашган,-деди нотиқ ўз сўзида,
– касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот -сайловлар муқобиллик асосида, шулардан 13 тасида яширин овоз бериш тарзида ўтказилди. 117 нафар бошланғич касаба уюшма ташкилотларида раислар янги сайланди, жами сайланганларнинг 388 нафарини аёллар ташкил этди.
Дастлаб Гулистон шахридаги 9-мактабда намунали ўқув-семинари шаклида ташкил этилган ҳисобот- сайлови ҳақиқатдан ҳам ҳаммага намуна бўлди. Худди шунингдек, Гулистон Давлат Университети бошланғич касаба уюшма ташкилотининг ҳисобот- сайлов конференцияси байрамона руҳи, юқори савияда ташкил этилганлиги билан ибрат бўлолди. Гулистон, Сирдарё туманлари ҳамда Гулистон шаҳар бўлинмалари йиғилишларидан телекўрсатувлар тайёрланди.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшма туман,шаҳар бўлинма кенгашлари таркибидаги бошланғич ташкилотларда ҳар йили жамоа шартномаларининг бажарилиши муҳокамасига бағишланган меҳнат жамоаларининг умумий йиғилишлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Шу йилнинг феврал-март ойларида жамоа шартномаларининг 2024 йилда бажарилиши муҳокамасига бағишланган меҳнат жамоасининг умумий йиғилишлари ўтказилди. Йиғилишларда жамоа шартномаси бандларининг бажарилаётганлиги, ходимлар иқтисодий-ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилинаётганлиги ҳамда меҳнат шартномаларининг бекор қилинишида касаба уюшмаларининг розилигини олиш қатъий назоратга олинганлиги эътироф этилиб, йўл қўйилаётган камчиликлар- меҳнаткашларнинг ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтишларида чиқимдор бўлаётганлиги, ходимлар якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланмаётганлиги танқид қилинди. Жамоа шартномаларида тадбирларнинг бажарилиши учун ўрта ҳисобда бир ходимга жорий йилда 4421.0 сўм маблағлар сарф этилганлиги эътироф этилди.
2024 йилда 615 та нодавлат ташкилотларда касаба уюшмалари тузилиб аъзолар сони 2115 нафарга кўпайишига эришилди. Анжуманда сўз олган делегатлар Ўсарқул Усанов, Мурод Ҳайитқулов, Абдураҳмон Юсупалиевлар ахборот юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини баён қилдилар.
-Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг вилоятдаги масъуллари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилган бир қатор мурожаатларга тўхталсам,-деди вилоят кенгаши жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Санжар Тоғаев,- вилоят Кенгашига 2021 йил бошидан 2025 йилнинг 6 ойига қадар жами 678 та жисмоний ва юридик шахслардан мурожаатлар келиб тушган. Улардан 141 таси, яъни 21 фоизи бевосида Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари Республика Кенгашига аъзо бўлган ташкилот ва корхоналарда ишловчи ходимлардан келган. Мурожаатларни ўрганиш бўйича тизим вакиллари билан жуда ҳам яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, ҳар бир мурожаат атрофлича, қонуний ва холисона кўриб чиқилмоқда. Мазкур тармоққа аъзо ташкилотларда ишловчи ходимлардан келиб тушган мурожаатларни биргаликда ўрганиш жараёнида 64 та мурожаат қаноатлантирилишига ва 250 нафардан ортиқ ишчи ходимлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишига эришилди. Ишчи ходимларга 750 миллион сўмдан ортиқ маблағлар, яъни вақтида тўланмаган иш ҳақлари, меҳнат шартномаси ноқонуний бекор қилиши туфайли ишга тикланган ходимга мажбурий прогул давр учун тўловлар, нафақалар, устамалар, меҳнатда майибланганлик учун зарар пуллари ва шу каби бошқа тўловлар ундириб берилди. Шунингдек, пахта терими мавсуми давомида қайта алоқа механизми асосида ишлар ташкил этилиб, бунда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида ҳам кўламли ишлар олиб борилди.
Сайҳунобод туманидаги ўрта таълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи вазифасида ишлаган Хўжамбердиев Азизбек, Холматов Шуҳрат ва шу каби 30 нафар фуқаролар Федерациянинг 1092 қисқа рақамли “ишонч телефони” орқали мурожаат қилишиб, штатлар қисқариши туфайли меҳнат шартномаси бекор қилингани, якуний ҳисоб-китоб тўловлари тўлаб берилмаганлигини баён қилишган ва амалий ёрдам кўрсатилишини сўрашган. Биз ўзаро ҳамкорликда масалани жойида ўрганиб чиқдик, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими , адлия бўлимлари билан музокаралар олиб бордик. Ходимларга тўланиши керак бўлган якуний ҳисоб-китоб тўловлари, яъни фойланилмаган меҳнат таътиллари, ишдан бўшатиш нафақаси каби тўловларнинг тўланмасдан қолганлиги маълум бўлди. Шу асосда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда туман бўлимига тақдимнома киритдик. Натижада 30 нафар ходимларга жами 71 миллион сўм якуний ҳисоб-китоб тўловлари тўлиқ тўлаб берилишига эришдик.
Боёвут туманидаги 31-мактаб директорининг ўринбосари Рахимов Илҳом ҳам вилоят кенгашига мурожаат қилиб, у билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинганлиги ва бундан норози эканлигини баён қилган ҳамда ишга тикланишида амалий ёрдам сўраган. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республикаси Кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси ҳамда Боёвут туман Кенгаши раиси билан биргаликда мурожаат ўрганилиб, музокаралар натижасида ходим ўз ишига тикланди. Худди шундай, Сирдарё туманидаги 17-сонли мактаб директорининг ўринбосари Жўланов Нодир ҳам ишдан ноқонуний бўшатилганлиги ҳақида мурожаат қилган. Масъул ташкилотчи ва туман кенгаши билан ҳамкорликдаги ўрганишлар жараёнида ходим суд орқали ўз ишига тикланди.
Шунингдек, ўқитувчилар Искандарова Ибодат, Қодиров Олмос, Бегимова Лола, Примова Зарифалар вилоят Кенгашига мурожаат қилишиб, касб касаллигига чалинганликлари ва иш берувчи томонидан товон пуллари тўлаб берилмаётганлигини билдиришган. Ушбу мурожаатлар ҳам ҳамкорликда ўрганилиб, вилоят Кенгаши томонидан ходимлар манфаатида судга даъво аризалари киритилди ва суднинг ҳал қилув қарорига кўра ушбу ходимларга жами 197.000.000 сўм товон пуллари ундириб берилди.
Анжуманда касаба уюшмалари фаолияти кенг қамровли экани, шу боис амалга оширилган ишлар сарҳисоби ташкилотчилик услубини, оммавий ва ижтимоий шерикчилик фаолиятини янада такомиллаштиришни, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини собитқадамлик билан муҳофаза қилишни тақозо этиши таъкидланди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Равшан Бедилов маърузачи масалага таҳлилий, танқидий руҳда ёндошганлигини, энг салоҳиятли, энг йирик тармоқнинг олдида янада улкан вазифалар турганлигини айтиб ўтди.
Конференцияда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қурултойи ҳамда вилоят кенгаши Конференциясига делегатлар сайланди.