Click to listen highlighted text!

КАСАБА УЮШМАЛАРИ ФЕДЕРАЦИЯСИ МУАССИСЛИГИДАГИ РЕСПУБЛИКА ИШЧИ ГУРУҲИ СИРДАРЁДА ИШ БОШЛАДИ

             17 январ куни Сирдарё туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов раҳбарлигидаги Республика Ишчи гуруҳи ўз ишини бошлади.
Таркибида касаба уюшмалари Федерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллалар кенгаши, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Маънавият ва маърифат маркази вакиллари бўлган ишчи гуруҳ фаолиятининг дастлабки манзили Сирдарё вилоятининг Сирдарё тумани бўлди.
Гуруҳ аъзолари туманда мавжуд 38 та маҳалла ҳудудидаги ҳар бир хонадонга кириб, уларда истиқомат қилаётган хотин-қизлар билан суҳбатлашиб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, оила муҳити, хотин-қизларнинг бандлик даражаси, даромадларини ошириш манбалари, тадбиркорликка жалб этиш имкониятларини ўрганадилар.
Шунингдек, юзма-юз мулоқотлар давомида кўрсатилаётган тиббий ва ижтимоий хизматлар сифати, пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг ўз вақтида ва манзилли етказиб берилишининг сифат даражаси аниқланади, оилаларда фарзандлар таълим-тарбияси масаласига эътибор қаратилади.
Ишчи гуруҳ аъзолари туманнинг сектор ҳудудлари бўйича гуруҳларга бўлинган ҳолда ишга киришишди.
Вакиллар Бахт шаҳри, “Ишонч” маҳалла фуқаролар йиғини, Улуғйўл кўчасида истиқомат қилувчи Машхура Анкабоева хонадонида бўлиб, оила шароитлари билан танишишди.
Ҳали ўттиз ёшга тўлмаган Машхура бир неча муаммоларга дуч келгани маълум бўлди. Икки фарзанд улғаётган оила шахсий уй-жойга эга эмас ва бугунги кунда турмуш ўртоғининг яқин қариндошиникида яшаб келмоқда. Яқинда саратон касаллиги билан курашган қайнонаси вафот этган. Турмуш ўртоғи Музаффар ҳозирда ишсиз бўлиб, тиббий даволанишга эҳтиёжи бор.
Маҳалланинг Нафосат кўчасида яшовчи яна бир хонадон ишчи гуруҳ сўровномасига қайд этилди: Гулноза Рафиева икки фарзанди билан ота-онаси, акалари хонадонида яшаб келмоқда. Кенжа фарзанди 9 ёшли Озодбекнинг туғма ногиронлиги бўлиб, бугунги кунда боланинг уй шароитида таълим олиши таъминланган. Доимий равишда йўлланма асосида тиббий муолажаларни олиб келмоқда. Бироқ касаллик оқибатида жигар етишмаслиги пайдо бўлган. Ҳозирда Озодбекка жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурлиги айтилган.
Шу билан бирга Гулноза Рафиева фарзанди парвариши билан бўлиб ишлаш имкониятига эга эмас. Илгари тикувчилик фабрикасида ишлаган ва бу ҳунарни яхшигина эгаллаган. Шу муносабат билан унга уй шароитида ҳунарманд- тадбиркор бўлиш таклифи берилди. Ишга жалб қилиш орқали меҳнат дафтарчаси юритувини давом эттириш таклифи берилди.
Навбатдаги хонадон соҳиби Назира Тиллаева йўқловдан хурсанд бўлиб, 5 йилдан буён ёлғиз яшаб келаётгани, ҳолидан сўраб келувчилар қаторида давлат ходимлари борлигидан миннатдорлигини исхор қилди. Узоқ йиллар тиббиёт ҳамшираси бўлиб ишлаган Назира опа ҳозирда нафақа олиб келмоқда.
Анемия, Гипертония касаллиги билан оғриб келиши, саломатлигини тиклаш учун сиҳатгоҳ йўлланмаси олишда ёрдамга муҳтожлигини билдирди.
Туманда ишчи гуруҳ фаолияти давом эттирилади. Суҳбатлар давомида аниқланган камчилик ва муаммоларни тезкор бартараф этиш мақсадида жойида ҳал этиш мумкин бўлган масалалар бўйича тегишли тадбирлар амалга оширилади, ечимини кутаётган муаммолар эса маълум муддатга мўлжалланган туман, вилоят ва Республика миқёсидаги Манзилли дастур ишлаб чиқилиши билан ҳал этилади.

Озода МАМАДАЛИЕВА

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!