МИННАТДОРЛИК
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Низомида уюшма зиммасига журналистларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг билим ва малакаларини оширишга кўмаклашиш, саломатликларини мустаҳкамлаш.дам олишлари,сайру саёҳатларга боришларига имконият яратиш каби бир қатор вазифалар юклатилган. Бу борада ҳомийларнинг беғараз ёрдамларидан фойдаланиш мумкинлиги белгиланган.
Уюшманинг вилоят бўлимида иш бошлаганимизда анча ўйга толганмиз. -Журналистларга ким ҳам ҳомийлик қилишга кўзи учиб турибди-я? -деб ўйлаганмиз ҳам.
-“Берардан ҳам бир сўра,бермасдан ҳам “ қабилида иш кўриб, Ўзбекистон -Касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти бўлими раиси номига уюшмамиз номидан бирданига 20 нафар фахрий журналистларимизни тарихий шаҳарларга саёҳатга жўнатишларини сўраб хат ёздик.Шу куниёқ хатимизга телефон орқали жавоб олдик.
Касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти бўлими масъул ходими бизга ёрдам беришга тайёр эканликларини, 20 нафар фахрий журналистларимизнинг паспорт нусхасини электрон тарзда жўнатишимизни сўради. Бу мурувватдан бошимиз кўкларга етди. Шундан буён олти йил ичида 100 нафардан кўпроқ фахрий журналистларимиз (мутлақо сарф-харажатларсиз) Хива шаҳрига уч кунлик саёҳатга бориб келдилар.
-Республикамизнинг кўп шаҳарларига борганман, узоқроқ бўлгани учунми, Хоразм тарафларни кўрмаган эдим,-дейди фахрий журналист Мавлудахон Сиддиқова, -Урганч, Хива шаҳарларига бўлган саёҳат бизда жуда зўр таассурот қолдирди. -Асрлар қаътидаги қўхна тарихимиз билан юзлашдик. Ташкилотчиларга минг раҳмат!
-Армоним Хивани кўриш эди, қанча чет давлатларда саёҳатда бўлганман,лекин бу машҳур тарихий гўшани кўрмаган эдим, шукр насиб этди,-деган эди таниқли журналист Элмурод Мавлонов( у кишини Оллох раҳматига олсин!)
Ҳамкасбимизнинг сўнги армонларидан бирининг ушалганидан биз ҳамон таскин топамиз, уни амалга оширган Касаба уюшмалари Федерацияси вилоят бўлимига ташаккур айтамиз!
– Ҳамкасблар билан саёҳатга чиқишнинг завқи ўзгача,- дейди фахрий журналист Гулчеҳра Пардаева,-поездда бора келгунча гурунглар, ҳангомалар қилиб, йўлнинг танобини тортдик. Беш юлдузли меҳмонхоналарда, музейларда бизга кўрсатилган хизмат,ҳурмат ва эҳтиромларни айтинг. Ҳар куни меҳмонлар учун концертлар ташкил этилди. Хоразмнинг “лазги”сига рақсга тушиб, қанчалар роҳатландик.
Бу Касаба уюшмалари Федерацияси вилоят бўлими тармоғининг ишларидан бир шингил. Унинг кенг қамровли юмушлари, меҳнаткашларнинг ишончли ҳимоячи сифатидаги амалга ошираётган ишлари таҳсинларга сазовордир. Қалам аҳли номидан бу ғамхўр ташкилот фаолиятига муваффақиятлар тилаймиз.
Дилором Исмадиёрова,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими мутахассиси.