ПАХТА ПУЛЛАРИНИ ОЛИШДИ
Ота-боболаримиз ишчи ёллаб бирор юмушини бажартирадиганларга қарата “Меҳнатингни қилган кишининг пешона тери қуригунча бўлган муддатда унинг ҳақини бер” деб уқтиришган. Чунки, рози-ризоликда гап катта. Розилик –ҳар икки томонга барака ёғилишига сабабчи бўлади. Аммо бундай тамойилга ҳар ким ҳам амал қилавермас экан.
Ховос туманидаги “Менинг юртим қаропчи” фермер хўжалигида пахта тераётган 60 нафар теримчи беш кунлик иш ҳақларини ололмадилар. Шунда улар бу ҳақда касаба уюшмалари вилоят кенгашига мурожаат этишга қарор қилишди. Кенгашнинг меҳнат ҳуқуқ инспектори Ширинхон Умаралиева фурсатни ўтказмай пахта даласига етиб борди ва теримчилар, иш берувчи билан суҳбатлашиб, масалага ойдинлик киритди. Вазият “Замон текс” кластери ва туман агробанк ходимлари билан музокаралар ўтказишни тақозо қиларди. Муаммо жойида қонуний ҳал этилишига эришилди. Натижада теримчиларга жами 52 134 000 (эллик икки миллион бир юз ўттиз тўрт минг) сўм иш ҳақлари пахта даласининг ўзида тўлаб берилди.
– Ҳеч бир оворагарчиликсиз, бир дақиқа ҳам ишимизни тўхтатмаган ҳолда терим пулларимизни шу ернинг ўзида олдик. Яна хотиржам теримни давом эттираяпмиз,- деди барчанинг номидан теримчи М. Умирова, -бизнинг ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қилаётган, биз учун елиб-югураётган касаба уюшмаларига , меҳнат-ҳуқуқ инспекторига раҳмат.
Баҳор Холбекова