ОДАМЛАР ДАРДИНИ ЎЙЛАБ ЯШАШ- БАХТ
Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Очиқ эшиклар куни” ҳамда сайёр қабули бўлиб ўтди. Вилоят прокуратураси, жамоат ташкилотлари вакиллари, касаба фаоллари ҳамда филиал профессор-ўқитувчилари, талабалари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев юртимизда олиб борилаётган бугунги ислоҳотлар, тарихий юксалишлар, янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари фаолияти ҳақида батафсил тўхталди.
-Одамларнинг дардини ўйлаб яшаш, элга наф келтириш йўлида хизмат қилиш-олий бахт,- деди Қ.Қирғизалиев,- Энг халқчил ва катта нодавлат ташкилот бўлган касаба уюшмаларининг фаолияти ана шу мақсадларга йўналтирилган.
Мулоқот чоғида норматив ҳужжатлар билан ишлаш, меҳнат муҳофазаси, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, иш вақти режимини белгилаш, ишчиларни махсус кийим-кечаклар билан таъминлаш, Меҳнат Кодексига киритилган ўзгаришлар борасида қатор саволлар берилди. Федерациянинг ҳуқуқий бўлими мудири Ҳамидулла Пиримқулов уларнинг барчасига атрофлича жавоб берди. Иштирокчилар томонидан кўтарилган айрим масалалар шу жойнинг ўзида ҳал этиладиган бўлди.
Институт 1-босқич талабаси Жавоҳир Инадуллаев сайёр қабул учун миннатдорчилик билдираркан, бу каби мулоқотлар ёшлар фаоллигини оширишда муҳимлигини таъкидлади.
Тадбир хайрли амаллар билан давом этди. Бир гуруҳ касаба фаолларига китоблар тақдим этилди. Ўқув даргоҳи ҳудудига кўчатлар ўтқазилди.
Баҳор Холбекова

