Click to listen highlighted text!

КЎНГИЛЛАРГА ТАШРИФ

Бу даргоҳда яшаётганлар учун ҳамма нарса етарли, керагидан ортиқ. Ҳеч нарсага зориқиш йўқ. Улар йўл қарайдилар. Эшик “тиқ” этиб кимдир кириб келса, йўқлагувчилар борлигидан шодланади, кўзлари кулади, яйраб кетишади. Уларга меҳр керак. Инсоннинг кўнглини кўтариш, қувонтириш-эзгу иш.
Орамизда турли сабабларга кўра имконияти чекланган, аммо тўлақонли ҳаётга интилаётган курашувчан инсонлар бор. Халқаро ногиронлар кунида саховатпеша инсонлар ана шундайлар ҳузурига кўпроқ интиладилар. Янгиер шаҳридаги “Мурувват уйи” ўша манзиллардан бири. Ўрни келса биргина хастага бутун бир оила узоқ муддат қараши малол келади. Бу ерда эса 147 нафар аёллар меҳр, эътибор оғушида. Ўзбекистон касаба уюшмалари Сирдарё вилоят кенгаши вакилларининг бу муасасага тез-тез келиб туриши одат тусини олган. Улар халқаро ногиронлар куни муносабати билан яна ушбу масканда бўлиб, парваришланаётган опа-сингилларга совғалар улашишди.
-145 кишидан иборат жамоамиз туну кун хизматда,-дейди “Мурувват уйи” директори Ойбек Шодиев,- Аёлларнинг саломатликлари Озод Маматов, Раъно Эркаева сингари тажрибали шифокорларимизнинг доимий назоратида. Муасасасамизда ҳамма шароитлар бекаму кўст яратилган. Инсон ҳамиша бир нарсага- меҳрга муштоқ бўларкан. Бу ердаги хаста опа-сингилларимизни йўқлаб келувчи саховатпешалар жуда кўп. Уларнинг ҳар бири келганида аёлларнинг кўзлари порлаб кетади. “Раҳмат, яна келинг, хурсандмиз” дея севинчларини изҳор қилишади. Касаба уюшмаларининг эътиборидан ҳамиша мамнунмиз.
Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ёзилган тўкин хайрия дастурхони атрофида ҳамма жамул жам бўлди. Вилоят мақомчилар ансамбли ижросидаги миллий қўшиқлар руҳларга осйишталик бағишлади. Парваришланаётган аёлларнинг иқтидорлилари иштирокида тузилган байрам гулдастаси барчага ёқиб тушди. Ижро этилган рақслар, ўқилган шеърлар йиғилганлар томонидан олқишланди.

Баҳор Холбекова

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!