САЛОМАТЛИК САРИ” ШИОРИ ОСТИДА
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Раёсатининг 2017 йил 30 мартдаги 6-39 “с” сонли ҳамда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг 2017 йил 4 апрелдаги 9-17 “с” сонли қарорлари ижроси юзасидан 29 апрель куни Гулистон шаҳрида корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларни спортнинг оммавий турларига кенг жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, турли касб касалликларидан спорт ва соғлом турмуш тарзи орқали муҳофаза қилиш мақсадида “Саломатлик сари” республика югуриш марафони ўтказилди.
Марафоннинг очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Камолиддин Акбутаев ушбу марафонни ўтказишдан мақсад – корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларни спортнинг оммавий турларига қизиқтириш орқали мехнат фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш, корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларни турли касб касалликларидан спорт ва соғлом турмуш тарзи орқали муҳофаза қилиш, аҳоли айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спортнинг оммавий турларига қизиқишларини кучайтиришдан иборатлигини таъкидлади.
Шундан сўнг 9та тармоқ касаба уюшмаларига тегишли корхона, ташкилот ва муассасалардан 3 та ёш тоифасида 600 нафарга яқин ишчи-ходимлар марафон югуришларида иштирок этдилар.
- Ёшим 56 да, – дейди Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Гулистон тумани Кенгаши жамоасидан келган Н. Абдуллаева. – Бизнинг оиламизда икки ўғлим спорт билан шуғулланади. Мен ҳам ҳар куни эрталаблари йигирма дақиқа вақтимни спорт билан шуғулланишга сарфлайман. Мана бугун касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган спорт байрамида иштирок этиб, “Энг ёши улуғ иштирокчи” номинациясига сазовор бўлдим.
- Мен эса 30-45 ёшли аёллар ўртасида биринчи ўринни эгаллашга сазовор бўлдим, – дейди Гулистон туманидаги Бешбулоқ маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Лола Рустамова.
Шу куни эркак ишчи-ходимлар ўртасида ўтказилган югуриш мусобалари ҳам жуда қизғин ўтди. 18-30 ёшли йигитлар сафи 200 нафардан ошиб кетди, аммо фахрли 1-2-3 ўринлар энг чаққонларига насиб этди.
- 50 йилдан буён касаба уюшма аъзосиман, айниқса, кейинги йилларда касаба уюшмалари томонидан турли тадбирлар ўтказиляпти, мен имкон қадар уларнинг барчасида иштирок этишга ҳаракат қиламан, – дейди биз билан суҳбатда Республика шошилинч тез тиббий ёрдам филиали вилоят филиали шифокори Ботирхон Бузруков. – “Спорт –саломатлик гарови” шиори остида ўтказилган мусобақаларда ҳам иштирок этиб, шахмат бўйича яхши натижаларга эришган эдим. Мана ҳозир ҳам югуриш бўйича қатнашиб, эркаклар ўртасида “Энг ёши улуғ иштирокчи” номинациясига сазовор бўлдим.
Жамоавий очколар бўйича Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва савдо хизмати ходимлари касаба уюшмасига қарашли Бешбулоқ маиший хизмат касб-ҳунар коллежи жамоаси ҳаваскор марафончилари биринчи ўринни эгаллашди. Ушбу жамоанинг 10 кишилик вакилларидан 3 таси 1 ўрин, 2 таси 2 ва 3 ўринларни эгалладилар.
Спорт байрами ғолибларига касаба уюшмаларининг дипломлари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Иштирокчилар эътиборига Гулистон шаҳар “Баркамол авлод” маркази ўқувчилари томонидан концерт намойиш этилди.
- Ушбу тадбир бизда катта таассуротлар қолдирди, ҳаяжонларга бой бўлди, яна шундай байрамларни кутиб қоламиз, – дейишди ҳаваскор спортчилар биз билан суҳбатда.
Зебо Ҳайдарова