ОҚОЛТИНДА СУННАТ ТЎЙЛАРИ

         Сирдарё вилояти Оқолтин тумани марказидаги “Гулсанам” тўйхонасида 10 нафар ўғил боланинг суннат тўйи ўтказилди.
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш, халқимизга хос эзгу ишлар кўламини кенгайтириш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, Оқолтин ва Сардоба туманлари ҳокимликлари ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган суннат тўйи тадбирида тўй болаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Оқолтин тумани марказидаги “ Гулсанам” тўйхонасида Сардоба ва Оқолтин туманларидан тўйи бўлаётган 10 нафар бола ва уларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.
Тантанали тадбир Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда халқ билан бевосита мулоқот тизимини шакллантириш, фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни жойида ҳал этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани акс эттирилган видеоролик намойиши билан бошланди.
Сўзга чиққан Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев бугунги кунда мамлакатимизда ёшларимиз учун яратилган шароитлар, болаларимизнинг бахтли ва ҳеч кимдан кам бўлмасликлари учун давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида гапирди. Шундан сўнг тўй болаларга вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамда бошқа ҳомий ташкилотларнинг совғалари, турли мавзулардаги китоблар тўплами ҳамда Халқ банки туман бўлимларида болажонлар номига очилган ҳисоб рақамига 1 миллион сўмдан пул маблағлари ўтказилган жамғарма омонат дафтарчалари тантанали равишда топширилди.
– Бугун давлатимиз ғамхўрлиги билан фарзандим Диёрбекнинг суннат тўйини ўтказдик, – дейди Сардоба туманидаги “Халқобод”маҳалласида яшовчи Феруза Маҳкамова. – Мамлакатимизда кам таъминланган оилаларга, айниқса, фарзандларимизга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига, ҳукуматимизга, саховатли инсонларга барча оналар номидан миннатдорлик билдираман.
Феруза Маҳкамованинг падари бузруквори Нуриддин аканинг чин юракдан сўзлаган самимий сўзларидан тадбир иштирокчилари кўзига ёш қалқди.
– Тақдир экан, куёвим бевақт қазо қилди, – деди Нуриддин ака. – Аммо, давлатимиз, қолаверса, ҳомий ташкилотлар невараларимни ўз эътиборидан четда қолдирмай, шундай ажойиб тўй ташкил этиб, совға-саломлар билан сийлашганидан жуда хурсандман. Албатта, набирам Диёрбекни Аллоҳ насиб қилса, муносиб фарзанд қилиб тарбиялаймиз, катта бўлса Ватани олдидаги йигитлик бурчини бажаради, деган ниятдаман. Шу ўринда, ушбу тўйнинг ҳомийлари – вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. Илоҳим, савобли ишларни амалга оширишда ҳеч ҳам толмасинлар.
Ушбу эзгуликка йўғрилган тадбир кўплаб фуқароларнинг кўнглини тоғдай кўтарди, уларга олам-олам қувонч ва шодлик улашди. Энг муҳими, юртдошларимиз қалбида меҳр-оқибат, саховат ва эзгулик фазилатларини юксалтириб, уларда эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бундай тадбирлар вилоятимизнинг бошқа туманларида ҳам ўтказилади.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email