Click to listen highlighted text!

ФОЙДАЛИ БИЛИМЛАР БЕРИЛДИ

        “Халқаро меҳнат ташкилоти”нинг 28 апрель – “Бутунжаҳон меҳнат муҳофазаси куни”  муносабати билан “Сирдарёпахтасаноат ҳудудий филиали” МЧЖ,  вилоят  касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши ва Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси  билан ҳамкорликда “Сайхунобод пахта тозалаш” АЖда   амалий-назарий ўқув семинари ташкил этилди.

       Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – Халқаро меҳнат ташкилоти ва унинг фаолияти, улар томонидан қабул қилинган Конвенциялар мазмуни, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Қонуни ва қонуности меъёрий ҳужжатлар билан меҳнат муҳофазаси тадбирларини ташкил этиш, шунингдек, “Сайхунобод пахта тозалаш” АЖ ишчи-ходимларига яратилган соғлом, қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари, меҳнат муҳофазаси, хавфсизлик техникаси қоидаларига мувофиқ иш олиб боришлари, ишлаб чиқаришда юз бериши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалар, касб касалликларига чалинишларни олдини олиш тадбирларини жамият тизимидаги бошқа пахта тозалаш корхоналарига кўрсатиш ва самарали меҳнат фаолиятлари бўйича ўзаро тажриба алмашишдан иборат бўлди.

     Тадбирда  “Сирдарёпахтасаноат ҳудудий филиали” МЧЖ тизимидаги 5 та пахта тозалаш корхоналарининг бош муҳандислари,  корхоналарда меҳнат муҳофазасига масъул бўлган мутахассислар, смена усталари, бошланғич касаба уюшмаси қўмиталари раислари, шунингдек, “Сирдарёпахтасаноат ҳудудий  филиали” МЧЖ маъмурияти, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши ва ҳамкор  бўлган вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармасидан Давлат меҳнат техник инспекторлари, «Ўзпахтасаноатэкспорт» Холдинг компанияси «Ўзпахтасаноат» АЖ Ишлаб чиқариш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ёнғин хавфсизлиги бўлими мутахассиси Рустам Абдураззақовлар иштирок этдилар.

          Семинар ўтказилиш жойи этиб бекорга ишлаб чиқариш корхонаси  танланмади. Сабаби, энг хавфли ва зарарли  меҳнат шароити саноат корхоналари ҳисобланади. Биргина  Сайхунобод  пахта тозалаш корхонаси  меҳнат шароитлари мисолида қолган корхоналарга ҳам тушунтириш бериш кўзда тутилди.

          – Бундай  амалий-назарий ўқув семинари  пахта тозалаш корхоналарида ўтказилиши вилоятда анъанага айланди,  десак хато бўлмайди. Эътиборлиси, ўтган йиллар семинар ташкил этилган пахта тозалаш корхоналарида меҳнат соҳасидаги бахтсиз ҳодисалар қайд этилмади. Бу натижалар, албатта, қувонарли, -дейди  вилоят Меҳнат бош бошқармаси Давлат меҳнат техник инспектори Абдукамол Хакимов.

         – Дастлаб  “Сирдарёпахтасаноат ҳудудий  филиали” МЧЖ ва Сирдарё вилоят  касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши билан ҳамкорликда “Сайхунобод  пахта тозалаш”АЖда ўтказилиши белгиланаётган амалий-назарий ўқув семинарига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш  ҳамда  Ўзбекистон  Республикаси  Меҳнатни  муҳофаза  қилиш  тўғрисидаги  Қонуни  талабларидан  келиб чиққан ҳолда ходимларга соғлом, қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш бўйича  чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Шу асосда қатор намунавий ишлар амалга оширилди. Натижада акционерлик жамиятида Ўзбекистон Республикаси Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда соғлом, қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар янада кучайтирилиши таъминланди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири  Бозорбой Исматов.

         Семинар аввалида  қатнашчилар корхонада  ишчи-ходимларга яратилган хавфсизлик техникаси, мавжуд  қоидаларига мувофиқ иш олиб борилиши бўйича ўзаро меҳнат тажрибаларини алмашдилар. Пахта тозалаш корхоналаридаги Тола ва линт конденсорлари, сепараторлар, жин ускуналари, УХК агрегати, ҚТЦ циклон гуруҳи вентилятори, пахта жўнатиш перевалкалари ва уларга ўрнатилган  ҳаво сўриш вентиляторлари, пахта қуритиш барабанларининг техник соз ҳолда фойдаланиш ва ишлатиш қоидалари ва уларни техник таъмирлашда меҳнат хавфсизлигини таъминлаш  талаблари  тўғрисида ҳам тушунтириш берилди.

             “Сайхунобод пахта тозалаш” АЖда жами 328 нафар  ишчи-ходимлар  фаолият юритишади.  Уларнинг 65 нафарини хотин-қизлар,  46 нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар ва 2  нафарини ишлаётган ногиронлар  ташкил этади.

         Ўзбекистон Республикаси Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Қонуни янги таҳрири ва Қонун ости норматив меъерий ҳужжатлари асосида корхонада  меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси, ёнғин хавфсизлиги талаблари ва гигиена қоидаларини таъминлаш юзасидан маълум ишлар  амалга оширилган.

            Меҳнат муҳофазаси хизмати ташкил қилинган ва муҳандис ходим вазифани бажариб келмоқда.

        “Сайхунобод пахта тозалаш” АЖ маъмурияти ва жамият касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2014-2016 йилларга мўлжалланган “Жамоа шартнома”си тузилган бўлиб, унда Меҳнат муҳофазаси бўлими киритилган ва ушбу бўлимда асосий эътибор жамият ишчи-ходимлари учун иш жойларида хавфсиз меҳнат шарт-шароитларини яратиш, ишчи-ходимларни махсус-кийим бош, пойафзаллар, шунингдек, зарарли ва ноқулай меҳнат шароитларида ишловчиларни сут ва унга тенглаштирилган маҳсулотлар билан таъминлаш, бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларига чалинишларини  суғурта  қилиш, шунингдек,  Халқаро Меҳнат Ташкилотининг  135- ва 182-сонли Конвенцияларга биноан ишга қабул қилиш учун энг кичик ёшга риоя этиш ҳамда болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ҳақидаги бандлар акс эттирилган.

     Жамият маъмурияти ва ишлаб чиқариш бўлимлари, цехларида ишловчи ишчи-ходимларнинг лавозимлари бўйича 40 та техника хавфсизлиги йўриқномалар ва мажбуриятлар қонунчиликда белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва рақамланган ҳолда тасдиқланган.

          Корхона ишлаб чиқариш бўлимлари, цехлари иш жойларида хавфсизликдан огоҳлантирувчи ёзувлар, белгилар, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси қоидаларига оид кўргазмали стендлар мавжуд.

          Ўзбекистон Республикаси Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Қонуни янги таҳрирининг 24-моддаси талаби асосида ишчи-ходимлар ишга киришда дастлабки тиббий кўрикдан ўтишлари, 25-моддаси бўйича хавфсизлик техникаси йўриқномалари асосида йўл-йўриқлар берилиши, ўқитилиши таъминланмоқда.

         Меҳнат шароитлари танишиш жараёнида ходимлар ювиниш хоналари, биринчи тез тиббий ёрдам  кўрсатиш биноси, ошхоналарнинг намунали фаолияти келганларнинг эътиборида бўлди. Жамиятга қарашли ёрдамчи хўжаликда 59 бош қорамол боқувда бўлиб   ходимлар бир маҳаллик сут-қатиқ маҳсулоти билан таъминланган. Ҳар ойда қорамол гўшти арзонлаштирилган нархларда ишловчиларга  тарқатилиб келинмоқда.

         – Корхона ҳудудида иссиқхона, интенсив боғ ташкил этилган ва олинган ҳосил ходимларга доимий равишда тарқатилиб келинмоқда. Корхона директори ва касаба уюшмасининг меҳнатлари билан ташкил этилган боғ парвариши ишлари бошланганига ҳам 10 йил бўлди,- дейди “Сирдарёпахтасаноат ҳудудий филиали” МЧЖ бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Матлуба Абдумавлянова. – Касаначилик иш ўринлари асосида хизмат кўрсатиш корхоналар фаолияти ҳам  йўлга қўйилган бўлиб бу ерда ошхона, сартарошхона, қассобхона, савдо дўкони, компьютер хизмати, тикув ва тўқув хоналари ишлаб турибди.

            Семинарнинг  ўқув қисмида соҳа мутаҳассислари томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгаши ва барча бўғиндаги касаба уюшмалари қўмиталарининг Меҳнатни муҳофаза қилиш ишларидаги жамоатчилик назорати, “Ҳалқаро меҳнат ташкилоти”нинг ташкил топиши, тузилиши ва фаолияти ҳамда улар томонидан қабул қилинган Конвенциялар, ХМТ томонидан белгиланган 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнат муҳофазаси куни” ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Қонуннинг янги таҳририни амалга тадбиқ этилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар, Агросаноат тармоғидаги ишлаб чиқариш корхоналарида ишларни бехатар олиб бориш услублари, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва шикастланишлар таҳлиллари, “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қарори тўғрисидаги, иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш ишларини ташкил этиш ҳақидаги  маълумотлар тингланиб, билимлар оширилди.

          Дастур сўнгида  ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида сайланган жамоатчи вакил ва касаба уюшмалари фаолларининг вазифалари ҳақидаги  видеоролик намойиш этилди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,

“Ishonch” мухбири  

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!