Click to listen highlighted text!

85 ЙИЛ ЕЛКАМА ЕЛКА!

            Республика кўзи ожизлар жамиятининг Сирдарё вилоят бўлими 1932 йил 15 июн куни ташкил этилган. Жамият ташкил этилиши ва ривож топишида Неъмат Раҳматуллаев, Мутал Ахмедов каби вилоятликларнинг хизматлари сингган.
Гулистон шаҳрининг Регистон маросимлар мажмуида кўзи ожизлар жамияти ташкил этилганлиги 85 йиллик юбилей санаси ва жамият нашри “Бир сафда” журнали 60 йиллик санасини нишонлаш байрам тантанаси ташкил этилди. Вилоят ҳакимлиги, Нуроний жамғармаси вилоят бўлими, вилоят ногиронлар жамияти, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, вилоят кўз касалликлари шифохонаси ва бошқа ташкилот вакиллари иштирок этишиб сана муносабати билан қизғин табриклаб жамият ривожи йўлида фидокорона меҳнат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ фаолларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари тақдим этишди.

              -Вилоятимизда жамиятга қарашли аъзоларимиз учун махсус кутубхона, маданият уйи хизмати йўлга қўйилган. Туман, шаҳарларимизда 11 та бўлимларимиз фаолият кўрсатиб келмоқда, – дейди жамиятнинг вилоят бўлими раиси Олимжон Абдурахимов. – Асосий вазифамиз аъзоларимизни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб жамиятда ўз ўринларига эга бўлишларига кўмаклашишдан иборатдир. Бугунги кунда бўлимга қарашли махсус ишлаб чиқариш маркази ишлаб турибди. Унда 30 нафар аъзоларимиз меҳнат қилиб келишмоқда.
-Ватанимиз бағрикенглиги муносиб шароитлари туфайли узоқ ва мазмунли умр соҳибаси бўлиб юрибман,-дейди жамият аъзоси Саноат Қодирова,- ўзимни намойиш этишга берилган кенг имкониятлар сабаб “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Эл юрт ҳурмати” орденига сазовор бўлдим.
– Жамият ўз уйимдек бўлиб қолган. 43 йилдан буён шу даргоҳда меҳнат қилиб келаман,- дейди “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Жамият аълочиси” Фатима Забирова. -Ўрта Осиёда ягона бўлган махсус кутубхона юртимизда жойлашганлиги, кўзи ожиз ватандошларимизнинг ҳар бири уй – жой билан таъминланганлиги, мамлакат президентлиги сайловида махсус алифбодаги блютенлар тайёрланиб эътибор кўрсатилганлиги бизда шукроналик ҳиссини уйғотади. Борлиққа англаган қалб кўзимизни бу шукроналик доимо равшанлаштириб турмоқда.
Шу куни жамият аъзоси, санъаткор Одил Ражаббоевнинг ижро этган қўшиқлари байрам қатнашчиларини ўйинга чорлади.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!